Биринчи иш кунидаёқ буюртма олди
  • 19 Март 2015

Биринчи иш кунидаёқ буюртма олди

Оқолтин туманида фаолият бошлаган “Фориш — Оқолтин текстиль” масъулияти чекланган жамияти биринчи иш кунидаёқ буюртма олди. Бу ўқувчилар либослари тўплами ҳамда махсус кийим-кечаклар тикишни йўлга қўйган жамоанинг дастлабки муваффақияти бўлди. 

Айтиш жоизки, корхона дизайнерлари яратаётган либослар бежирим ва замонавийлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, мактаб ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ўқувчиларининг костюмларига таълим муассасалари номини билдирувчи ёзувлар ҳам қўшиб тикилмоқда. Бундай рамзларни тайёрлашда эса компьютерлаштирилган илғор дастгоҳлардан фойдаланилаяпти. 

— Ушбу лойиҳани 260 миллион сўм эвазига амалга оширдик, — дейди жамият раҳбари Тельман Казаков. — Чеварларимизнинг барчаси — касб-ҳунар коллежлари битирувчилари. Ҳозир корхонамизда 52 нафар ёш мутахассис меҳнат қилмоқда. Шунингдек, айни пайтда коллежда таҳсил олаётган яна 28 нафар ўқувчи билан амалиёт шартномаси тузганмиз. Келгусида улар ҳам жамоамиз сафига қўшилади.

Бинобарин, корхонада трикотаж матолари тўқиш, ундан кийимлар тикиш ҳамда қандолатчилик цехлари ишга туширилгач, яна 50 та иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn