Янгиланиш ва эзгулик тимсоли
  • 19 Март 2015

Янгиланиш ва эзгулик тимсоли

Халқимизга хос анъаналар, қадриятлар, урф-одату удумлар бебаҳо ва серқиррадир. Истиқлол йилларида уларни тиклаш, авлоддан-авлодга бекаму кўст етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, уларда бизни ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда тинчликни улуғлаш руҳида яшашга ундовчи қудратли куч мужассамлашган.

Ер, сув, ҳаво, наботот олами, умуман, табиат неъматларини асраб-авайлаш, атроф-муҳитни покиза сақлашга даъват этувчи баҳорий гўзаллик байрами — Наврўз ҳам миллий қадриятларимиз орасида катта ўрин тутади. Бинобарин, 1990 йил 3 майда имзоланган Фармонга биноан, юртимизда 21 март — Наврўз умумхалқ байрами, деб эълон қилинди.

Шундан буён ушбу айём катта кўтаринкилик билан, кенг кўламда нишонланиб келинаяпти. Мазкур кўклам тантанаси жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан янгиланиши, халқимизнинг тарихий ва маданий мероси булоғи қайта кўз очганининг ёрқин рамзига айланди.

Наврўзнинг ҳаётимизга қайтарилиши анъаналар, табиатга муҳаббат, деҳқон меҳнатини ҳурмат қилиш, яхши қўшничилик, меҳр-мурувват, бошқалар дардига малҳам бўлиш каби фазилатларни ривожлантиришда, юртимиз гуллаб-яшнашини таъминлаш ҳамда унинг маънавиятини янада бойитишда муҳим аҳамият касб этди.

Зеро, “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда. Мухтасар қилиб айтганда, янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”.

Ушбу байрам ҳақидаги илк маълумотлар “Авесто”да қайд этилган. Кўплаб қомусий олимлар ўз китобларида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган. Ҳаким ат-Термизий ва Умар Хайём “Наврўзнома” номли асарлар ёзган.

Абу Райҳон Беруний қолдирган маълумотларга кўра, Наврўз баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунича, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунича, ўсимлик униб чиқа бошлашидан такомиллашгунича давом этган вақтда келади.

Дарҳақиқат, узоқ қишдан сўнг кўкда қуёшнинг юз кўрсатиши, қирда майсалар ниш уриб чиқиши ҳақиқий шодиёнадир. Чунки халқимиз таъбири билан айтганда, илигузилди пайтида она-табиат меҳр-муруввати бутун борлиқда ўзини яна намоён этади. Кексаларимиз шу кунларга эсон-омон етиб келишганига шукроналар айтиб, “Осойишталигимиз, фаровонлигимиз бундан-да зиёда бўлсин”, дея дуо қилишади. Катта оммавий сайиллар бошланади. Уларда халқ ўйинлари, мусобақалар ўтказилади, куй-қўшиқлар янграйди. Дастурхонга қут-барака тимсоллари — сумалак, ҳалим, ёрма, кўксомса, пишириқлар тортилади.

Далаларда баҳорги экин-тикин ишлари авж олади. Жамоа бўлиб ҳашарлар уюштирилади. Маҳаллаларда, қишлоқларда ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилади. Оммавий тарзда мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилади, ариқ ҳамда зовурлар тозаланади. Зотан, бундай эзгу ишлар, яратувчанлик турмуш тарзимизнинг узвий бўлагига айланган.

Мустақиллик шарофати билан Наврўз халқимиз маънавий юксаклигининг ажралмас қисми сифатида қайта бўй чўзди, теран илдизлари мустаҳкамланди. Диёримизда мазкур айём ҳар йили ўзгача шукуҳ билан кутиб олиниб, элимизнинг -ободлик, покизаликка бўлган иштиёқи, фаровонлик йўлидаги ғайрат-шижоатига янгича суръат бағишламоқда.

Яқинда қабул қилинган “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор байрамнинг мамлакатимиз барча ҳудудида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ўтказилишига яна бир муҳим асосдир. Унда инсон ўзини табиатнинг узвий бир қисми сифатида ҳис этишини ифода қиладиган, атроф-муҳитни, она-заминни эъзозлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларнинг амалга оширилиши белгилаб берилди. Бу эса халқимизнинг руҳиятини янада кўтариб, эртанги кунга бўлган ишончини, шу юрт фарзанди эканлигидан фахрланиш туйғуларини янада кучайтириши шубҳасиз.

Мамлакатимизда жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши Нав-рўзга бетакрор файзу тароват тақдим этади. Шу аснода ёши улуғларнинг ижтимоий ва маиший турмушини янада яхшилаш борасида қатор амалий тадбирлар бажарилади. Уларга меҳр-мурувват, катта ҳурмат кўрсатилади. Айниқса, ёлғиз қариялар ва ногиронлар ҳолидан -хабар олиниб, улар моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватланади. Табаррук отахону онахонлар яшаётган, хаста ва ногирон кишилар истиқомат қилаётган хонадонлардан хабар олиниб, совға-саломлар улашилади. Мазкур тадбирлар Кексаларни эъзозлаш йилига ҳам шаклан, ҳам мазмунан монанддир.

Мухтасар айтганда, Наврўз — ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар онгига мустақиллик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, халқларнинг урф-одатларига ҳурмат туйғуларини чуқур сингдириш, ёши улуғларга эъзозу эҳтиром кўрсатишда муҳим ўрин тутадиган беқиёс қадриятдир. Унинг ҳаётимиздаги ролини ошириш, асраб-авайлаш жамиятда юксак маънавиятни қарор топтириш, баркамол авлодни вояга -етказишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

 

Борий АЛИХОНОВ,

Ўзбекистон экологик ҳаракати

Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn