Изланиш файзу барака омили
  • 19 Март 2015

Изланиш файзу барака омили

Мутахассисларнинг таъкидлашича, эрта баҳорда инсон организмида турли витамин ва микроэлементларга бўлган эҳтиёж янада кучаяди. Бу эҳтиёжни кўкатлар, мева-сабзавотлар билан қондириш мумкин. Қувонарлиси, юртимизда экин-тикин ишларига энди киришиладиган ҳозирги пайтда ҳам бозорларимизда бундай неъматлар сероб. Чунки тадбиркор деҳқонларимиз иссиқхоналарда номавсумий муддатларда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ҳадисини олишган. Масалан, Кармана туманининг -“Жалойир” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудига йўлингиз тушса, ҳар икки хонадоннинг бирида мўъжазгина иссиқхонадан эл дастурхонига тансиқ неъматлар тортиқ қилинаётганига гувоҳ бўласиз.

Дарҳақиқат, бу ерда 264 та хонадонда Хитой технологияси асосида икки сотихлик иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, ҳар хил кўкатлар ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Эътиборлиси, бунинг учун ҳеч қандай ёқилғи ҳамда энергия талаб қилинмайди. 

— Биз етиштираётган шивит, кўкпиёз, саримсоқпиёз, райҳон, исмалоқ каби ўнлаб кўкатларнинг барчаси дармондориларга бой, уни истеъмол қилган кишининг иштаҳаси очилади, — дейди жалойирлик Исмат бобо Санақулов. — Шу боис маҳсулотларимизга бўлган талаб катта. Тўйимлилик ва фойдалилик даражаси юқори бўлган ушбу кўкатларни юртдошларимизга айни илигузилди палласида илинаяпмиз.  

Навоий вилоятида деҳқончиликнинг ушбу турини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли кейинги йилларда умумий майдони 235 гектарлик 202 та замонавий иссиқхона ишга туширилди. Натижада 3,6 минг нафардан зиёд кишининг бандлиги таъминланиб, улар доимий даромад манбаига эга бўлди. 

 Иссиқхона хўжаликларида дунёнинг илғор технологиялари самарали қўлланилаётгани ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Навоий шаҳридаги “Идеал Нур” хўжалигида Голландия технологияси асосида гидропоник усулида бир гектарлик иссиқхона қурилган. Унинг иқлимни назорат қилиш ускунаси табиий ресурсларни тежаш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш имконини бераяпти.  

— Замонавий иссиқхонани бунёд этишимизда тижорат банкидан ажратилган қарийб 1 миллиард сўмлик кредит қўл келди, — дейди мазкур корхона раҳбари Фарҳод Турсунов. — Янги технологиянинг афзаллиги шундаки, электр энергияси, сув сарфи иқтисод қилиниб, ҳар бир туп кўчатни озиқлантириш компьютер тизими орқали бажарилади. Яна бир эътиборли жиҳати, бу ерда ўрнатилган махсус пардалар иссиқликни 

40-45 фоизгача тежаса, иқлимни назорат қилувчи ускуналар ҳароратни меъёрида сақлаб -туради.

Бундан ташқари, вилоятда Корея Республикаси технологияси асосида ҳам кўплаб -иссиқхоналар ишга туширилган бўлиб, улар самарали фаолият юритаяпти. Айни пайтда мазкур усул татбиқ этилган иссиқхоналар майдони Навоий шаҳрининг ўзида 12 гектардан ошди. 

Бу каби чора-тадбирлар юртимиз бозорларини қиш ҳамда баҳор фаслларида ҳам помидор, бодринг, цитрус мева ва турфа кўкатлар билан тўлдириш, уларни аҳолига арзон нархларда етказиб бериш имкониятини яратаяпти. 

 

Азамат ЗАРИПОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган сурат.

 \

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn