ОАВ ва жамоатчилик назорати
  • 18 Март 2015

ОАВ ва жамоатчилик назорати

Пойтахтимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг амалга оширилиши устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналист-лар ижодий уюшмаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари, шунингдек, журналистлар қатнашди.
Таъкидланганидек, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади ҳисобланади. 2015 йилнинг юртимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши аҳоли манфаатларини муҳофаза этиш, айниқса, ёши улуғ инсонларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишнинг амалдаги намунаси бўлди.
Анжуманда сўзга чиққанлар ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, бунинг учун Давлат дастурида, энг аввало, қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, чунончи, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини, кексаларга давлат хизматлари кўрсатишнинг энг қулай тизимини шакллантириш кўзда тутилганини таъкидладилар. Шунингдек, бу борада белгиланган долзарб вазифаларнинг самарали ижроси давлат, жамоат ташкилотлари, ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларига бевосита боғлиқдир.
Тадбир давомида иштирокчиларга қатор вазирлик ва идоралар фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, жумладан, интернет-нашрларнинг Давлат дастурини бажаришдаги фаолиятига оид маърузалар -тингланди ва муҳокама этилди. Дастурни амалга ошириш бўйича асосий йўналишлар ва чора-тадбирларни мунтазам ва кенг кўламда ёритишда журналистларга муҳим вазифалар белгиланганига эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, ОАВнинг аҳоли ўртасида олиб бориладиган кенг кўламдаги ахборот-таҳлил ишларида фаол иштирок этишларини таъминлаш, уларнинг ушбу соҳадаги масъулиятини кучайтириш айни муддаодир. Бунинг учун журналистларнинг билим ва малакасини ошириш, маҳаллий ОАВ фаолиятини янада такомиллаштириш, муаллифлик материаллари сифати, ғоявий ва бадиий даражасини яхшилаш биринчи даражали вазифалар сирасига киради.
Тадбир якунида бундай конференцияларни республикамизнинг ҳамма ҳудудида маҳаллий ОАВ вакиллари иштирокида ўтказиш ҳақида ҳам келишиб олинди.


З. АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn