Тасвирий тарғибот
  • 25 Февраль 2014

Тасвирий тарғибот

Бухорода “Соғлом бола — ёруғ келажагимиз” мавзуида республика кўргазмали семинари бўлиб ўтди. Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Маънавият тарғибот маркази ва вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, хусусан, шаҳар ва қишлоқларимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларни ёшлар онгига сингдиришда кўргазмали тарғибот воситалари муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда жисмонан соғлом, маънан етук авлодни вояга етказишга қаратилган беқиёс эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Замонавий мактаблар, коллежлар, лицейларда яратилган шарт-шароитлар, илғор педагогик технологиялар асосида янгиланган таълим тизими, спорт иншоотлари, футбол майдонлари, айтиш жоизки, буларнинг бари эртанги кунимиз эгаларига берилаётган эътибор, ғамхўрлик ва юксак рағбатнинг амалий ифодасидир.
Чунончи, Президентимиз томонидан 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши бу борадаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилишидан дарак бериб турибди. Тадбирда сўзга чиққанлар ана шулар ҳақида атрофлича  фикр юритиб, соғлом авлодни вояга етказишда тарбиянинг турли йўлларидан  кенг фойдаланиш хусусида тўхталдилар. Бу борада, хусусан, кўргазмали тарғибот воситаларининг алоҳида ўрни борлиги қайд этилди. Бинобарин, мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларида, аҳоли гавжум жойларда турли тарғибот воситаларининг ўрнатилгани ва уларда халқимизнинг бунёдкорлик ғоялари, ўз фаолияти билан ёшларга ибрат бўлаётган замондошларимиз сиймолари шарқона услубларда кўрсатиб берилгани кишини қувонтиради.
Семинарда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда соҳа ходимлари олдида турган долзарб юмушлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан тайёрланган “Соғлом бола — ёруғ келажагимиз” деб номланган тавсиялар қўлланмаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда Президентимизнинг асарлари ва маърузаларидан олинган қайдлар, донишмандларнинг ибратли иборалари,  халқ мақоллари, она-Ватанни улуғловчи, маънавий қадриятларимизни эъзозлашга, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказишга ундовчи пурмаъно ҳикматлар жамланган.
— Соғлом бола йили ҳар биримиздан астойдил ҳаракат қилишни, ташаббус кўрсатишни талаб этади, — дейди “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Бухоро вилояти бўлими бош дизайнери Зоҳид Қобилов. —  Негаки, биз мазкур йил мақсад-моҳиятини теран очиб берувчи реклама материаллари, баннерлар, плакатлар ҳамда бошқа тасвирий тарғибот воситаларини чиройли ва таъсирчан тарзда тайёрлашимиз керак. Шу боис кўргазмали семинарда билим ва тасаввурларимизни бойитиб олдик, ҳамкасбларимиз билан фикрлашдик, тажриба алмашдик, янада фаол  ишлашимиз зарурлигини англаб етдик.
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи М. Эсанов иштирок этди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn