Ободлик ва ҳамжиҳатлик ифодаси
  • 17 Март 2015

Ободлик ва ҳамжиҳатлик ифодаси

Баҳор кириб келиши билан табиат уйғониб, ҳар доимгидек ўз тароватини кўз-кўз эта бошлади. Дарахтлар гулга бурканмоқда, майсалар бўй чўзаётир. Юртдошларимиз ҳам шунга монанд тарзда кўклам юмушлари билан банд: кимдир ниҳол қадаяпти, бошқа биров дарахтларга шакл бермоқда.

Мавсумнинг кишига ўзгача завқ улашувчи бундай юмушлари, айниқса, Наврўз байрами яқинлашиб келгани сари янада кенг қулоч ёзган. Яқинда матбуотда эълон қилинган “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг март — апрель ойларида юртимизнинг барча ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ҳамда 14 — 15 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисидаги фармойиши бу борадаги саъй-ҳаракатларга янгича суръат берди. Зеро, ушбу ҳужжатлардан келиб чиқиб, ҳудудларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронлар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган оилалар аъзолари уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашиш тадбирлари амалга оширилди. Унда Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими ҳамда бошқа вазирликлар ва идоралар, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари аъзолари фаол қатнашди.
Икки кун мобайнида 18 миллион нафардан зиёд юртдошимиз, шу жумладан, 11 миллион нафарга яқин ёшлар томонидан 43 минг гектардан ортиқ майдонлар ободонлаштирилди, маҳаллалар ички йўллари, кўчалар, корхона ва муассасалар -ҳудудларига, умуман, юртимиз бўйича 12 миллион туп манзарали, 10 миллион тупдан зиёд мевали дарахт ниҳоллари, 14 миллион тупдан ортиқ гул кўчатлари ўтқазилди, 19 миллион тупга яқин дарахтларга шакл берилди. Айни чоғда 27 минг 695 километрлик ариқ-зовурлар тозаланди ҳамда 10 мингга яқин зиёратгоҳ ва қабристонлар атрофи ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди.
— Кексаларни эъзозлаш йилида биринчи бор ўтказилган ҳашар кунлари маҳаллаларда 100 га яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, 16 та ишлаб чиқариш цехи, 9 та маҳалла гузари ҳамда 18 та болалар майдончаси ишга туширилди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Д. Усмонов. — Фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ҳам амалга оширилди. Хусусан, Амударё туманидаги “Гулзор”, Улуғнордаги “Деҳқонобод”, Марҳамат туманида жойлашган “Чилон”, Шофирконнинг “Доригар”, Бахмал туманидаги  “Новқа” ва “Қатортол”, Бойсундаги “Тоқчи”, Данғара туманининг “Тўлабой”, Қуванинг “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Умумхалқ хайрия ҳашарида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Жумладан, 20 минг 541 оиланинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. Бундан ташқари, 26 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар вакиллари, 11 минг 159 нафар ногирон ҳамда ёлғиз қариялар, 4 минг 608 нафар уруш ва меҳнат фахрийларидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ушбу хайрия тадбирларига жами 3 миллиард 621 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Эътиборлиси, бундай эзгу ишлар айни чоғда ҳам республикамизнинг ҳар бир ҳудудида изчил давом эттирилмоқда.
Наврўз байрами арафасида бўлиб ўтган ҳашар бунёдкорлик ва ободонлаштириш, хайрия ишларига бойлиги билан ёдда қолди. Энг муҳими, у халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос ўзаро меҳр-оқибат ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, беғараз ёрдам ва меҳр-оқибат фазилатларини янада кучайтириш, маҳалла ҳамда гузарлар, тураржойларнинг атрофларини обод қилиш, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифаларни рўёбга чиқаришга хизмат қилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn