Ли Ук Хон: «стратегик ҳамкорлигимиз изчил мустаҳкамланмоқда»
  • 17 Март 2015

Ли Ук Хон: «стратегик ҳамкорлигимиз изчил мустаҳкамланмоқда»

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган ишончли стратегик шерикларидан биридир. Мамлакатларимизни ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган дўстлик ҳамда ҳамкорлик ришталари боғлаб турибди. Бу муносабатлар мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар ва муштарак интилишлар самарасида янги мазмун билан бойиб бормоқда.

Наврўз байрами арафасида ЎзА мухбири Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хон билан суҳбатлашди.
— Жаноб элчи, суҳбатимиз Наврўз байрами арафасида ўтмоқда. Ушбу байрам ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз.
— Наврўз Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиёдаги энг ажойиб ва гўзал баҳор байрамидир. Шарқона Янги йилнинг кириб келишидан дарак берувчи бу айём тўкин--сочинлик, тан сиҳатлик ва бахт-саодат рамзидир. Наврўзни илк бор ўтган йили Ўзбекистонда кутиб олгандим.
Ўзбекистон халқи анъанавий байрам маросимларини кўтаринки кайфиятда, шоду хуррамлик билан биргаликда нишонлайди, шу муносабат билан ўтказиладиган кўплаб маданий тадбирларда ёшу қари фаол иштирок этади. Буларни кўриб, мен Наврўз ўз аҳамияти ва қадриятлари билан ЮНЕСКОнинг Жаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилгани -бежиз эмаслигига амин бўлдим.
Наврўз корейс халқининг энг катта байрами бўлган Соллалга ўхшайди. Бизнинг юртимизда Янги йил ой тақвими бўйича кириб келади. Шу куни барча оила аъзолари ва қариндошлар дастурхон атрофида йиғилиб, Янги йилни яхши ниятлар билан кутиб олади.
Бу йилги Соллаль байрами февраль ойи охирида келди. Мен Янги йилни яна бир бор ўзбек халқи билан кутиб олганимдан хурсандман. Ўзбекистон халқи Наврўз айёмини яхши кайфиятда, ўз қадрдонлари даврасида шоду хуррамлик билан нишонлашини тилайман.
Жорий йилда ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз янада ривожланишига ишонаман.
— Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик қайси соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда?
— 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатган Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси муносабатлари бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилган
ва мамлакатларимиз барча соҳалар, жумладан, сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий жабҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда.
Давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ 2014 йилнинг июнь ойида Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бунинг самарасида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб келишувларга эришилди.
Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Бу борадаги -алоқалар кўлами тобора кенгайиб бораётганидан хурсандмиз.
Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, юқори малакали мутахассислари ва Жанубий Кореянинг илғор технологиялари, ноу-хаулари энергетика соҳасидаги ҳамкорликни -ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Сурғил кони базасида газ-кимё мажмуасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган қўшма лойиҳа бунга ёрқин мисол бўла олади. Қандим кони базасида газ-кимё мажмуаси ва газни қайта ишлаш заводи қурилиши, Толлимаржон ИЭСни модернизация қилиш ва бу борадаги бошқа кўплаб лойиҳалар ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимиз жадал ривожланиб бораётганидан далолатдир.
Инфратузилмани ташкил қилиш, транспорт ва логистика, юқори технологияли илғор ишлаб чиқариш, қайта тикланадиган энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, таълим каби муҳим йўналишлар ҳам ҳамкорлигимизнинг устувор соҳа-ларидир.
— Ўзбекистонда таълим соҳасига қаратилаётган эътиборни қандай баҳолайсиз? Ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти, уларнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари ҳақида нима дея оласиз?
— Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, кўплаб шаҳар ва туманларида бўлганман. Мамлакатингизда таълим соҳаси инфратузилмаси юқори даражада ривожлангани ва ўқув муассасаларининг замонавий техник воситалар билан жиҳозлангани менда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида таълим соҳаси ривожлантирилаётгани, 2013 йилдан инглиз тилини мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб ўргатиш жорий этилгани, чет тиллар ва ахборот технологияларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганини юқори баҳолайман.
Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси келажак авлод ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириши учун таълим соҳасида тажриба алмашиш ва алоқаларни мустаҳкамлаш катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда турли қўшма лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиб, амалга оширмоқда.
АКТ соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган Инха университетининг Тошкентда очилган филиали 2014 йилнинг октябрь ойида дастлабки талабаларни қабул қилди. Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлари Тошкент шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва шу каби бошқа муассасаларда ODA KOICA кўмагида янги технологиялар бўйича малака оширмоқда. Шу йилнинг 11 март куни Самарқанд шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш маркази  пойдеворига биринчи ғишт қўйилди. Келажакда бундай лойиҳаларни янада кўпайтириш саноат соҳасида мутахассислар тайёрлашга амалий ҳисса қўшишига аминман.
— 2015 йил Ўзбекистонда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди. Ушбу ташаббус ҳақида ҳам ўз фикрингизни билдирсангиз.
— Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди, деб таъкидлади. Жорий йил Ўзбекистонда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди. Ўтган йили “Соғлом бола йили”, бу йил “Кексаларни эъзозлаш йили” каби Давлат дастурларини амалга ошириш орқали мамлакатингизда жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш сиёсати изчиллик билан мустаҳкамланиб бораётганини юксак баҳолайман.
Ўзбекистонда кекса авлод вакиллари — мамлакат тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган уруш ва меҳнат фахрийларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг -соғлиқларини мустаҳкамлаш ва маданий дам олишига кўмаклашиш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини юксалтириш, Саховат уйларини техник жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар диққатга сазовордир.
Ўзбекистон оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, ота-оналарни эъзозлаш, кексаларни ҳурмат қилишга алоҳида аҳамият бераётгани билан Корея Республикасига ўхшайди. Ишончим комилки, мамлакатнинг турли соҳаларини ривожлантиришга ўз ҳаётини бағишлаган кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб бораверади. Бу эса келажак авлоднинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

ЎзА мухбири
Ирода УМАРОВА
суҳбатлашди

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn