Обод манзиллар, эзгу анъаналар
  • 14 Март 2015

Обод манзиллар, эзгу анъаналар

Ерга ниҳол қадаш, янги боғ ва гулзорлар барпо этиш кўкламнинг эзгу анъаналаридан биридир. Бу ҳар кимнинг юрт ободлиги, эл фаровонлигига қўшадиган ҳиссаси, десак, янглишмаймиз. Муаззам она-заминимиз узра баҳор нафаси уфура бошлаган шу кунларда мамлакатимиз барча ҳудудида кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш юмушлари бошлаб юборилган.

Яқинда эълон қилинган “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор эса бу жараёнга алоҳида кўлам ҳамда кўтаринкилик бахш этмоқда.
Айни пайтда Тошкент вилояти аҳолиси ҳам ана шундай хайрли ишларга бел боғлаган. Жойларда янги боғ-роғлар, хиёбон ва гулзорлар ташкил этишга киришилгани, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, тадбиркору фермерлар чор-атрофни янада ободонлаштириш ҳаракатига тушгани ана шундан далолат беради.
Табиийки, баҳорги кўкаламзорлаштириш тадбирларида мевали, манзарали дарахтлар ва гул кўчатларига талаб ортади. Шу боис ҳозир бозорлардан тортиб, серқатнов йўл бўйларида ана шундай ниҳолларга кўзимиз тушади. Албатта, боғ қиламан деган ҳам, ҳовлисини яшнатмоқчи бўлган киши ҳам  сара ва асл кўчат эксам, дейди. Шу соҳага ихтисослаштирилган илмий муассасалар ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликлари, боғбону соҳибкорлар ушбу талабдан келиб чиқиб, мунтазам изланишлар олиб боришмоқда.
Зангиота туманидаги “Миришкор Сайфутдинова Хонзода” фермер хўжалиги — шулардан бири. Мевали дарахт кўчатлари етиштириш бўйича ном қозонган хўжаликда кейинги йилларда арча, қарағай, оққайин, каштан, қайрағоч каби турли манзарали дарахтлар ҳам кўпайтирилмоқда. Шунингдек, гулчилик жамоанинг асосий сердаромад тармоқларидан бирига айланган. Кўчатхоналар учун хўжалик тасарруфидаги ерлардан 10 гектари ажратилган. Ҳар йили бу ерда етиштирилган кўчатлар корхона ва ташкилотлар, фермер хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа эгаларига етказиб берилаяпти.
Яна бир эътиборга молик жиҳати, ниҳолларнинг бир қисми экспорт ҳам қилинмоқда. Хорижликлар, асосан, бу ерда етиштирилаётган манзарали дарахт ва атиргул кўчатларига катта қизиқиш билдиришаяпти. Негаки, хўжаликда Марказий Осиё, Европа, Шимолий Америка ва Узоқ Шарқ мамлакатларидан келтирилган антиқа ўсимликлар ҳам мавжуд. Анвойи атиргул кўчатлари ўз жозибаси ва фусункорлиги билан Голландия, Бельгияда етиштириладиган худди шундай ниҳоллардан ўтса ўтадики, асло кам эмас. Жамоа ўтган йили маҳаллий буюртмаларни таъминлаш баробарида, қарийб 100 минг АҚШ долларилик экспорт амалиётини бажаргани ҳам ана шундан далолатдир.
— Буни қаранг, боғ ва гулзор оралаб юрганимга ҳам ярим аср бўлибди, — дейди хўжалик раҳбари Заҳириддин Сайфуддинов. — Шунча йил давомида англадимки, кўчатчилик, гул парваришлаш, ўсимликлар билан тил топишиш нозик ва мураккаб иш экан. Лекин қунт қилган, меҳнатдан қочмаган инсон барини уддаларкан. Жамоамиз қисқа фурсатда ноёб гуллардан 1 миллион дона, декоратив дарахтлардан эса 100 минг донага яқин кўчат етиштиришга муваффақ бўлди. Ҳозир юртимиз тупроғида ўсадиган, деярли йўқолиб кетиш арафасида турган ўсимликлардан ҳам намуналар олиб, кўпайтираяпмиз.
Ўрта Чирчиқ туманидаги “Асадилла боғи” фермер хўжалигининг ташаббуси янада ибратли. Гап шундаки, фермер Асадилла Исмоилов ўзи ташкил этган мўъжазгина кўчатхонасида ҳар йили 50 турдаги 2-2,5 минг донагача мевали дарахт ниҳоллари етиштиради. Ўтган йилдан узумнинг “Ризамат” ва “Чарос” навлари ҳам кўпайтирила бошланди. Қизиғи, фермер кўчатчилик билан даромад олиш учун шуғулланмайди. 
— Мева-чева ҳар кимнинг ўз томорқасидан чиқса, қандоқ яхши, — дейди у. — Маъмурчилик, фаровонлик дегани шу, аслида. Эзгуликка ҳисса қўшиш ҳаракатида ҳар йили кўкламда ўзимиз парваришлаган кўчатларни ҳамқишлоқларимизга бепул тарқатамиз.
Янгийўл туманининг Навбаҳор қишлоғидаги бу кафтдеккина ҳовлида ҳам яхши бир одат бор. Меҳмон келса, ҳеч вақт қуруқ қайтмайди. Қўлига, албатта, бирор дарахт ниҳолини, жилла қурса, тўрт туп садарайҳонни тутқазиб юборишади. Шунданми, бу хонадонни нафақат қишлоқда, балки бутун Янгийўлда кўпчилик “Гулчилар оиласи”, дея таърифлайди.
Хонадон соҳиби Алишер Дўлтабоев бундан анча йиллар аввал шахсий томорқасининг бир қисмида иссиқхона қуриб, манзарали ва хонаки гулларни кўпайтира бошлади. Қисқа фурсатда гулчиликда билими ошиб, тажриба майдонини кенгайтирди. Шафран, салбия, петуня каби ноёб гул кўчатларининг 20 дан ортиқ турини маҳаллий иқлимга мослаштирди. Моҳир гулчи ўз ҳунарини оила аъзоларидан ташқари, қишлоқнинг 10 дан ортиқ ёшларига ҳам ўргатмоқда.
Бу ерга қачон келманг, қишдами, ёздами, яшил олам жозибасига мафтун бўласиз. Хонадон соҳиби кўз ўнгингизда жилваланиб турган наботот марваридларига бирма-бир, эринмай таъриф берар экан, ўз тажрибалари, изланишлари ҳақида ҳаяжон билан сўзлайди. Шунда беихтиёр она-заминимиз саховати, мўъжизакор қудратига таҳсин айтасиз.
— Тобора кўркамлашиб, боғу бўстонларга айланиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизни кўрганда, қилаётган ишимиздан ғурур туямиз, — дейди у.  — Юртимизнинг ҳар гўшаси обод бўлгани қандоқ яхши! Шунга ҳисса қўшайлик деб, биз ҳам баҳорги кўкаламзорлаштириш мавсуми учун 100 минг донага яқин антиқа гул кўчатларини тайёрлаб қўйдик.
“Кўнгли ободнинг юрти обод”, дейдилар. Дарҳақиқат, юқорида тилга олинганидек, қалби ҳамиша гўзалликка ошно инсонлар ўз меҳнати, фидокорлиги билан юртимиз шаҳару қишлоқлари, боғ ва хиёбонларининг бундан-да гўзал ва мафтункор бўлишига ҳисса қўшмоқдалар.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn