Ижод, маҳорат ва рағбат
  • 25 Февраль 2014

Ижод, маҳорат ва рағбат

Оммавий ахборот воситалари жамиятдаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳамда дунё воқеликларини холисона, адолат мезонлари асосида акс эттирувчи кўзгуга, кенг оммани янгича фикрлашга, маънавий уйғоқликка, онгу тафаккурини ўзгартиришга даъват этадиган қудратли кучга қиёсланади.

Бу эса, ўз навбатида, соҳа ходимларидан юксак маҳорат ва иқтидор, изланиш, интилиш, ташаббускорлик ҳамда фидойиликни талаб этади. Эътиборлиси, ҳозир юртимизда ана шундай журналистлар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Уларнинг самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилиб борилаётир. Бунда 2006 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан, бир қатор вазирлик, ташкилотлар ҳамкорлигида “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун ўтказиб келинаётган анъанавий танловнинг муҳим аҳамияти ва ўрни бор.
Мухбиримиз ушбу мукофот учун 2014 йилда эълон қилинган танловнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, “Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий қўмитаси раиси Шерзод ўУЛОМОВ билан суҳбатлашди.
— “Олтин қалам” танлови жорий йилда тўққизинчи бор эълон қилинди. Шу даврга қадар журналист ва ижодкорлар ўртасида у қай даражада оммалашди, деб ўйлайсиз?
— Давлатимиз раҳбари ўтган йили матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида “Жамиятимизнинг бугунги ва эртанги куни бўладими, узоқ келажаги ва порлоқ уфқлари бўладими, бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонни дунёдаги тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтаришдек юксак марраларни кўзлаган қонунларимиз, дастурларимиз бўладими — буларнинг барчасини амалга ошириш учун халқимизга очиқ ва равшан қилиб етказиш, эл-юртимизни сафарбарликка чорлаш, руҳини кўтариш йўлида матбуот ва ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан”, деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Зеро, бугун мамлакатимиздаги изчил ривожланиш суръатлари жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда эътироф этилаётганидан барчамиз хабардормиз. Иқтисодиёт тармоқларидаги модернизациялаш жараёнлари, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт соҳалари, қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш борасидаги илғор тажрибаларимиз халқаро миқёсда ўрганилиб, кенг оммалаштирилаяпти. Қолаверса, халқимиз тарихи, турмуш тарзи, миллий қадрият ва урф-одатлари билан яқиндан танишиш мақсадида минглаб километр йўл босиб юртимизга келаётган сайёҳларни айтмайсизми?! Табиийки, бунда ўзбекистонлик ва хорижлик журналистларнинг ҳам хизмати ва ҳиссаси катта эканлигини таъкидлаш ўринлидир. Шу нуқтаи назардан, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро миқёсда танлов ўтказилишини мамлакатимизда қўлга киритилаётган салмоқли ютуқлар билан боғлаш, изоҳлаш мумкин. Бинобарин, унинг нуфузи йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, “Олтин қалам” I Миллий мукофоти учун эълон қилинган дастлабки танловда 136 нафар журналист 1669 та ижодий иши билан қатнашган эди. Ўтган йили эса бу кўрсаткич қарийб тўрт баробар ошди. Яъни 6500 га яқин материаллари билан иштирок этган 410 нафар ижодкор орасидан ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Умуман, шу вақтга қадар 3400 дан ортиқ журналистнинг 50 мингга яқин ижодий иши кўриб чиқилиб, 194 нафар маҳаллий ва хорижий ижодкор “Олтин қалам” Миллий мукофотига сазовор бўлди. Шунингдек, 48 нафар журналист мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан таъсис этилган мукофотлар билан тақдирланди. Чунончи, улар орасида БАА, Эрон, Ҳиндистон, Озарбайжон, Латвия, Хитой каби ўнлаб давлатлар вакилларини кўришингиз мумкин.
— Бу йил танловга қандай ўзгариш ва янгиликлар киритилди?
— Маълумки, танлов тўртта — матбуот, телевидение, радио ва интернет журналистикаси йўналишлари бўйича ўтказиб келинади. Ҳар бир йўналиш бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи даражадаги, жами 12 та ҳамда битта Бош миллий мукофот таъсис этилган. Бундан ташқари, янги номинациялар жорий қилинаётгани ҳам қувонарли ҳол. Бу, ўз навбатида, ижодкорларни кенгроқ рағбатлантириш имконини бераяпти. Хусусан, жорий йилда танловга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан янги  — “Соғлом бола йилига бағишланган энг яхши журналистик материал учун” ҳамда “Ижтимоий шериклик фаолиятини ёритган энг яхши журналистик материал учун”, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан эса “Журналистика ривожига қўшган ҳиссаси” ҳамда “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациялари киритилди. Қолаверса, анъанага мувофиқ, ушбу йилда ҳам БМТ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, Жаҳон банки, “Регионал диалог” (Словения) каби бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳам танловда ўз мукофотлари билан иштирок этади.
Бинобарин, жорий йилда танловнинг мукофот жамғармаси ўтган йилдагига нисбатан 31 миллион сўмга кўпайиши белгиланган. ўолиблар ва совриндорларни мукофотлаш, шунингдек, ижодий кўрикни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида амалга оширилади.
— Айни кунда танловга тайёргарлик борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз...
— Аввало, танлов шартларини матбуотда эълон қилдик. Телевидениеда ҳам махсус роликлар эфирга узатилаяпти. Жорий йилнинг 10 февраль куни “Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ижодий кўрикни ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Энди таниқли журналист ва экспертлардан иборат танлов ҳайъатини шакллантириш чоралари кўрилаяпти. Тақдим этилган ижодий ишларни саралаш ва баҳолашда давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табрикларида соҳа вакиллари олдига қўйилган вазифалар, талаблар устувор мезон сифатида олинади. Яъни мазкур жараёнда долзарб мавзудаги, ўткир таҳлилий-танқидий материалларга алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, танловдан кўзланган асосий мақсад миллий ва халқаро журналистика ютуқларини оммалаштириш, ОАВ ходимларининг фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш, уларда танқидий фикрлаш ҳамда ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантиришдан иборатдир.
Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими анъанага мувофиқ, 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни арафасида, пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ўтказилади. Муҳими, жорий йилда “Олтин қалам”нинг янада юксак поғонага кўтарилишига ишонамиз.

****
Ли ЧУЙФА,
“Цзинцзи Жибао” газетасининг Тошкентдаги мухбирлик пункти мудири (Хитой Халқ Республикаси):
— “Олтин қалам” Миллий мукофотига сазовор бўлганим мен учун катта шараф. Бундан кейин ҳам бор куч-ғайратим, ижодий салоҳиятимни  мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида сарфлайман. Юртингизда фаолият олиб бориш давомида шунга амин бўлдимки, халқингиз жуда меҳмондўст ва самимий экан. Бу ерга келганимдан бери менга барча ёрдам қўлини чўзаяпти. Шу сабабли мамлакатингизда ўзимни ўз уйимда яшаётгандек ҳис қилаяпман. Ўзбекистон мен учун иккинчи Ватан бўлиб қолди.

КАЗИМОВ Гулу Надир ўғли,
Озарбайжон Республикаси Ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири:
— Мен Озарбайжонда журналистика соҳасида бир неча бор тақдирланганман. Лекин “Олтин қалам” фаолиятим давомидаги энг оламшумул мукофот бўлиб қолади. Чунки бу халқаро танловдаги, халқаро миқёсдаги юксак эътироф, рағбатдир. Қолаверса, уни гўзал ва жаннатмонанд замин —  Ўзбекистонда олдим. Бундан жуда бахтиёрман.

Фаррух БЎТАЕВ суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn