Янги маҳсулот тақдимоти
  • 14 Март 2015

Янги маҳсулот тақдимоти

Пойтахтимизда “Grass” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган махсус ювиш ускуналари ва воситаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда истиқлол йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ривожига қаратилаётган эътибор, улар учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар ички бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш имконини бераётганини алоҳида таъкидлашди. Дарҳақиқат, кейинги йилларда соҳа вакилларининг изланувчанлиги туфайли юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган мутлақо янги маҳсулотлар кириб келдики, ҳозирги кунда уларсиз кундалик ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. Махсус ювиш воситалари ва ускуналари шулар сирасига киради.
“Grass” бу жабҳадаги энг етакчи брендлардан бири бўлиб, унга МДҲ, Европа давлатларида талаб ниҳоятда юқори.
Шу боис ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин кўпайтирилмоқда. Бугунги кунда маҳсулот тури 140 дан, уларнинг умумий ҳажми эса йилига 2 минг тоннадан ошгани бунинг яққол далилидир.
Республикамиз бозорига ушбу маҳсулотлар “Agro Spektr” масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилаяпти.
— Ишлаб чиқариш цехлари энг замонавий технологик линиялар билан жиҳозлангани халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган маҳсулот тайёрлаш имконини яратмоқда, — дейди жамият раҳбари Акмал Йўлчиев. — Уларнинг аксарият қисми автомобилларни ювиш учун мўлжалланган бўлиб, турдошларига нисбатан юқори сифати билан ажралиб туради. Чунки мазкур воситалар таркибидаги моддалар қотиб қолган ва кетиши қийин бўлган турли доғларни осонликча бартараф этса, ускуналар қўл меҳнатини кўп талаб қилмайди. Натижада вақтингиз тежалади. Шунинг учун юртимизда бизнинг маҳсулотларимизга бўлган қизиқиш тобора ортмоқда.
Қайд этиш керакки, “Grass” маҳсулотлари тури меҳмонхона ва ресторан хизматлари кўрсатиш, уй-рўзғор учун мўлжалланган маиший ювиш воситалари ҳисобига ҳам кенгайиб бораётир. Негаки, кейинги йилларда сантехника буюмлари, мебель ва ошхона жиҳозлари, ойна ва шиша буюмлар, металл ва чинни идишлар, пол ва гилам ювиш воситаларини ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилди. Шунингдек, хона ҳавосини тозалаш, дезинфекция қилиш учун махсус маҳсулотлар ҳам тайёрланаяпти.
Тадбирда яна бир  янги маҳсулот — наношампунлар иштирокчиларда, айниқса, катта қизиқиш уйғотди. Сабаби, нанотехнологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилган бу шампунь автомобилларни ташқи таъсирлар, яъни ёмғир, қор ёғиши оқибатида юзага келадиган доғлардан ишончли ҳимоялайди. Машина ойналари ва фараларини доимо тоза сақлашга хизмат қилади.
Якунда анжуман иштирокчиларининг барча саволларига ишлаб чиқарувчилар томонидан батафсил жавоб берилди.


С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn