Қисқа сатрларда
  • 14 Март 2015

Қисқа сатрларда

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Жамоатчиликни хабардор қилишда замонавий ахборот хизматларига қўйиладиган талаблар ҳамда уларнинг ОАВ билан ўзаро самарали ҳамкорлиги” мавзуида семинар ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ахборот хизматлари раҳбарлари, олий ўқув юртларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда талабалар корхона ҳамда ташкилотлар таклиф қилаётган иш жойлари тўғрисида зарур маълумотга эга бўлдилар.

Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлашнинг ҳуқуқий ва амалий механизмини янада такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 октябрдаги “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Суғурта — болалар нигоҳида” расмлар танлови доирасида ижодий ишлар кўргазмаси уюштирилди. Тадбир давомида иштирокчилар учун “Суғурта тушунчаси ва унинг афзалликлари” мавзуида семинар, турли викториналар, маҳорат дарслари ҳамда маданий тадбирлар ўтказилди.

«Халқ сўзи»  мухбирлари
хабарлари асосида
тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn