Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: Инсон манфаатлари таъминланмоқда
  • 14 Март 2015

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: Инсон манфаатлари таъминланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлашнинг асосий йўналишларига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ўз самараларини бермоқда. Буни Ўзбекистон аҳолиси истиқлол даврида 10 миллиондан ортиқ кишига кўпайган бўлса-да, жиноятчилик бугунги кунда 1992 йилдаги кўрсаткичдан 4,6 фоиз камайгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бунда профилактика тадбирлари ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Айниқса, 2014 йил 14 майда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга янгича суръат бағишлади. Зеро, мазкур Қонун билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари ваколатидаги ноаниқликларга барҳам берилиши баробарида, соҳа фаолиятини янада либераллаштириш ва демократлаштириш, бу борада фуқаролик жамияти институтлари иштироки ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ишлар рўёбга чиқарилди. Натижа шунга мос ҳолда тобора салмоқли бўлаяпти. Буни халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда. Жумладан, “The World Justice Рroject” мустақил халқаро ташкилоти томонидан дунё миқёсида қонун устуворлигини таъминланиш бўйича эълон қилинган Индексда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш борасида жаҳонда учинчи ўринни эгаллагани бунинг тасдиғидир.
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунни қўллаш  амалиётида юзага келаётган камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида ташкил қилинган конференцияда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, умумий, махсус ҳамда якка тартибдаги профилактикани самарали ташкил этиш ва амалга ошириш, соҳани илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, тизимда янги хизмат ва тузилмаларни йўлга қўйиш зарурлиги хусусида ҳам сўз юритилди.
Тадбир якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мардлик ва матонат мактаби Қисқа сатрларда »