Эзгулик, бунёдкорлик ва ҳамжиҳатлик намойиши
  • 12 Март 2015

Эзгулик, бунёдкорлик ва ҳамжиҳатлик намойиши

Одамларни ўзаро ҳамжиҳатлик, бунёдкорлик ва эзгуликка етаклайдиган миллий анъаналаримиз кўп. Наврўз байрами кунлари амалга ошириладиган кенг кўламли ободонлаштириш тадбирларининг, хусусан, азалий қадриятларимиздан бири бўлган ҳашарнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳамда аҳамияти ниҳоятда беқиёс.

Истиқлол туфайли ҳашар ҳақиқий маънода умуммиллий анъанага айланди. Дарҳақиқат, ушбу шукуҳли кунларда аҳоли томонидан маҳаллалар, кўчалар ва хиёбонлар ораста кўринишга келтирилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилади, ҳудудларда янги иншоотлар фойдаланишга топширилади, эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиниб, улар моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Яна қанчадан-қанча хайрли тадбирларга қўл урилади. Зеро, ҳашар маънавий ҳаётимизнинг узвий қисми сифатида кишилар ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибат, инсонпарварлик, олижаноблик каби эзгу туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга ҳам хизмат қилади.
Яқинда матбуотда эълон қилинган “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг март — апрель ойларида юртимиз барча ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ҳамда 14 — 15 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисидаги фармойиши бу борадаги эзгу мақсадлар ҳамда интилишларга янгича суръат беришга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжатлар асосида мамлакатимиз барча ҳудудида, ҳар бир ташкилот, корхона ва муассасада умумхалқ хайрия ҳашарини пухта ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилган вазифалар белгиланиб, шунинг юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ҳамда фуқаролар йиғинларида умумхалқ хайрия ҳашарига пухта ҳозирлик кўрилди.
Аниқроқ айтганда, ҳашар кунлари маҳаллаларни ободонлаштириш, гузарлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, йўллар ҳамда кўчалар атрофи, хиёбон ва боғларда манзарали, мевали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари ўтқазиш юмушлари бажарилади. Ҳозирги пайтда юртимизда 10 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари борлигини, уларнинг барчасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилишини ҳисобга олсак, жаннатмонанд диёримиз бундан-да чирой очишини тасаввур қилиш қийин эмас.
— Ушбу умумхалқ ҳашарида барча юртдошларимизнинг фаол қатнашишлари кутилмоқда, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Д. Усмонов. — Улар кўмагида республикамиз бўйича 43 минг гектардан зиёд майдонларни ободонлаштириш ҳамда 26 минг километрга яқин ариқ ва лотокларни тозалаш режалаштирилган. Қолаверса, эҳтиёжманд инсонлар, ёлғиз қариялар ва ногиронларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш, уларнинг уй-жойини таъмирлаш, ёш оилаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандларининг тўйларини ўтказишга кўмаклашиш, болалар майдончаларини тартибга келтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.
Мазкур умумхалқ тадбирида кутилаётган ўзига хосликлардан яна бири эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳар қачонгидан-да фаол иштирок этишидир. Маълумотларга кўра, миллионлаб ёш авлод вакиллари ҳашарда ўзларини ҳар жиҳатдан намоён қилиш истагидалар. Бундан, энг аввало, уларнинг ўзлари катта манфаат кўради. Негаки, ҳашар ёшларнинг маънавий олами, қалби ва онгида она-Ватанга ҳамда истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаб, жамият ҳаётида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришга хизмат қилади.
Хайрия ҳашаридан тушадиган маблағни, асосан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни амалга ошириш учун йўналтириш мўлжалланмоқда.
Мухтасар айтганда, халқимиз эрта баҳорданоқ бунёдкорлик, эзгулик ва яратувчанлик юмушларига бел боғлашга одатланган. Ҳашар кунлари ушбу ишлар кўлами янада кенгаяди ва энг муҳими, Наврўз арафасида бошланадиган жамики хайрли ишлар бутун йил мобайнида изчил давом эттирилади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn