Юксак ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз
  • 12 Март 2015

Юксак ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз

Кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни ардоқлаш халқимизга хос азалий қадриятлардандир. Ушбу олижаноб фазилат мустақиллик йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилдики, бундан биз ҳамиша ғурурланиб, хурсанд бўлиб юрамиз. Қўлларимизни дуога очганда, мана шундай дориламон кунларга етганимиз учун шукроналар айтамиз, тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин, дея ният қиламиз.

Инсон ҳаётида осойишталик қанчалик муҳим ўрин тутишини, айниқса, биз, кекса авлод вакиллари янада теранроқ ҳис этамиз. Негаки, орзу-умидлар фақат тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бўлган жойдагина амалга ошаркан. Баъзан шулар ҳақида ўйлаб, умримнинг ўтган йилларини хотирлайман. Афсуски, айни йигитлик давримиз уруш даврига тўғри келди. Одамларда ҳаловат йўқолган, кун кечириш машаққат эди... Эҳ-ҳе, буни гапиришнинг ўзи жуда оғир. Ундай кунларни киши ҳатто душманига ҳам раво кўрмайди.
Бу йил 92 баҳорни қаршиладим. Шунинг салкам йигирма тўрт йили мустақиллик даврида кечгани учун ҳам умримдан мингдан-минг розиман. Чунки истиқлол туфайли инсон қадри улуғланди, одамларнинг турмуши обод бўлиб, ҳаётига мазмун кирди. Каттаю кичикка бирдек эътибор кўрсатила бошланди. Масалан, невараю эвараларимизнинг эртасидан кўнглимиз тўқ.
Улар бугун энг замонавий мактаблар, лицей ва коллежларда, университетларда ўқишаяпти. Билим олиб, касб-ҳунар эгаллашмоқда. Турли халқаро танловлар, спорт мусобақаларида қатнашиб, ҳеч кимдан кам эмасликларини исботлашаяпти. Бундан ҳаммамиз қувонамиз, фахрланамиз.
Гарчи ёшлигимиз қийинчиликда ўтган бўлса-да, кексайганимизда роҳат кўрдик. Қаерга бормайлик, ҳурмат билан давраларнинг тўрига ўтказишади. Яхши яшашимиз, санаторийларда соғлиғимизни мустаҳкамлашимиз учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Тарихий шаҳарларимиз, табаррук қадамжоларимизни зиёрат қилиш учун сайёҳатлар ташкил этилаётгани диққатга сазовор. Бизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан кўксимиз тоғдек кўтарилиб, гўё умримизга умр қўшилаётгандек ҳис этамиз.
Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни юртимизда кенг нишонланади. Бу қутлуғ санада бизга яна алоҳида эътибор кўрсатилиб, ўтганлар руҳи хотирланади. Мана, бу гал ҳам “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармон эълон қилинганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофоти белгиланиб, уни тантанали ҳамда байрамона тарзда топшириш таъкидланган. Қолаверса, айём арафасида “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотланишимиз беқиёс меҳр ва иззат-икромнинг яна бир ёрқин далилидир.
Бизни ўйлаётган, барча шарт-шароитни яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз. Ҳаммамизнинг ниятимиз бир — осмонимиз доимо мусаффо бўлсин, гўзал ва бетакрор юртимиз янада гуллаб-яшнайверсин, мустақил Ўзбекистонимиз дунё тургунча турсин!

Мадамин ҲАСАНОВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Тошкент шаҳри

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn