Фарзандлар камолидан дилларда қувонч
  • 11 Март 2015

Фарзандлар камолидан дилларда қувонч

Аввал хабар қилганимиздек, айни кунларда жойларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларни тантанали кутиб олиш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Бундай тадбирлар Бухоро вилоятида ҳам юқори савияда ташкил қилинаяпти. Уларда иштирок этган ота-оналар, ёшларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.

— Жуда ҳаяжондаман, — дейди резервга бўшатилган Субҳонжоннинг онаси Дилбар Ҳамидова. — Ўғлимни бир йил аввал катта хурсандчилик билан армияга кузатгандик. Бугун бағримизга қайтди. Мана шу ўтган давр оиламиз ҳаётида эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Гап шундаки, бобоси, отаси, мен — биргалашиб Субҳонжоннинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимига ҳам боргандик. Орадан кўп вақт ўтмай, ҳарбий қисм командирининг ташаккурномасини олдик. Унда “Шундай билимли, қатъиятли, интилувчан ўғилни тарбиялаб, вояга етказганингиз учун раҳмат” деган мазмундаги сўзлар битилганидан бошимиз осмонга етди. Қалбимиз ғурурга тўлди. Қаранг, ўғлим муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтагани учун ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига ҳам муносиб кўрилибди. Олий ўқув юртига ўқишга кириб, ҳаётда ўз ўрнини топса, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшса, биз учун бундан ортиқ бахт йўқ аслида. Мен бир она сифатида шундай тинч-осойишта юртда яшаётганимдан, эл корига ярайдиган фарзанд -тарбиялаганимдан доимо фахрланаман.
— Муддатли ҳарбий хизмат ҳаётимда унутилмас из қолдирди, — дейди резервга бўшатилганлардан бири Шоҳимардон Сафаров. — Ҳар томонлама чиниқдим. Билимимни бойитдим. Ўзим Бухоро туманидаги Қоражери қишлоғиданман. Галаосиё қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежини тугатганман. Бухоро муҳандислик-технология институтида ўқиб, нефть-газ соҳасида малакали кадр бўлиб етишиш ниятидаман. Бу орзуим ушалишида армиядан ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси билан қайтганим қўл келади, албатта. Ўқиб, ишга жойлашиб, элга нафимиз тегса, бу билан чинакам юртпарварлик намунасини кўрсатган бўламиз.
Кутиб олиш маросимларида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар сўзга -чиқиб, эзгу тилакларини билдиришаяпти. Санъаткорлар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар эса давраларга ўзгача файз киритмоқда.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn