Темир йўл инфратузилмаси: Модернизация ва изчил ривожланиш
  • 10 Март 2015

Темир йўл инфратузилмаси: Модернизация ва изчил ривожланиш

Транспорт-коммуникация тизими мамлакат иқтисодиётининг қудратини белгиловчи асосий воситалардан биридир. Шу боис кейинги йилларда юртимизда ушбу соҳа ва транзит салоҳиятини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Натижада йўлларимиз равон, манзилимиз яқин бўлиб, турмушимиз тобора фаровонлашмоқда. Буни мазкур тизимнинг етакчи тармоғи — темир йўл соҳасида рўй бераётган оламшумул ўзгаришлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Жумладан, биргина ўтган йилнинг ўзида республикамизда янги темир йўллар қуриш, мавжуд линияларни реконструкция қилиш ва электрлаштириш, юк ҳамда йўловчи ташиш транспортини қайта тиклаш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 630 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ўзлаштирилди. Бу маблағнинг ярмидан кўпи “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясини барпо этиш лойиҳасини жадал суръатларда давом эттиришга йўналтирилган бўлса, қолган қисми 240 километрлик темир йўлни қайта тиклаш, янги вагонларни  ишлаб чиқариш каби истиқболли лойиҳалар рўёбига сарфланди.
 Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб, Ўзбекистон бошқа соҳалар қаторида темир йўл тизимида ҳам ўзига хос тажрибага эга давлатлардан бирига айланмоқда. Аниқроқ айтганда, илгари минтақадаги асосий савдо ишларида юртимиз ҳудудидан ўтган қадимий Буюк Ипак йўли катта аҳамият касб этган бўлса, эндиликда унинг ўрнини замонавий транспорт-коммуникация тизимлари, хусусан, темир йўллар эгаллаяпти.
Буларнинг барчаси  темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, янги йўлларни қуриш орқали транспорт йўлакларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Таъкидлаш жоизки, ана шу жараёнда “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК таркибидаги “Toshkent yo‘lovchi vagonlarini qurish va ta’mirlash zavodi” акциядорлик жамияти жамоаси ҳам муносиб иштирок этаяпти. Чунки ҳозирги кунда бу ерда ишлаб чиқарилаётган вагонлардан республикамиз темир йўл йўналишларида самарали фойдаланилмоқда. Бунда, табиийки, корхона цехларининг Германия, Япония, Нидерландия, Польша, Буюк Британия, Финляндия, Канада сингари давлатлардан келтирилган илғор технологиялар билан жиҳозлангани муҳим аҳамият касб этмоқда. Эътиборлиси, заводда бу каби ишлар узлуксиз олиб борилаётгани туфайли ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин ортмоқда. Масалан, ўтган йили заводнинг янги тележкаларни йиғиш цехига Япониядан магнит ёстиқчали пармаловчи ускуна келтирилгач, бу ерда иш самарадорлиги сезиларли даражада ошди.
— Мазкур ускунанинг қулайлиги шундаки, ҳажми кичиклиги ва енгиллиги туфайли, уни зарур жойга олиб бориб ишлатиш мумкин, — дейди  цех бошлиғи Озод Тўраев. — Бу эса, ўз навбатида, электр энергиясини, вақтни тежаш, иш унумдорлигини ошириш имконини бераётир.
Изланиш, ишлаб чиқаришга янгиликларни муттасил татбиқ этиб бориш муваффақиятлар гаровидир. Заводда шу асосда иш юритилаётгани туфайли бир йил мобайнида жамоа томонидан 461 вагон таъмирдан чиқарилди. 22 та вагон эса янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Завод ва “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонаси ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳам кутилган натижаларни бермоқда. Чунончи, ўзаро келишувга мувофиқ, шу кунгача 90 та тележка ишлаб чиқарилиб, уларга сертификатлар олинди. 
Бундан ташқари, бу ерда “Устоз — шогирд” мактаби фаолият кўрсатаяпти. Пировардида жамоа сафи билимдон ёшлар ҳисобига тобора кенгаймоқда. Айтайлик, 53 киши меҳнат қилаётган электр цехининг 10 нафардан зиёд ишчилари кейинги бир-икки йил ичида Тошкент темир йўл муҳандислари институти ва Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир. Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг Вагон хўжалиги кафедраси магистранти Шавкат Нормуродов эса, мана, бир неча ойдирки, ўз амалиётини шу ерда ўтамоқда. Унинг айтишича, корхонада ёшларга ишлаш баробарида, илмий изланиш олиб бориш учун ҳам шарт-шароитлар яратиб берилган.
Шу кунларда эса жамоа “Тошкент трамвайи” унитар корхонаси буюртмасига биноан, трамвай вагонларини капитал таъмирлаш ҳамда фойдаланиш муддатини узайтириш лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Демак, келгусида завод фаолияти янада кенгаяди.  
Мухтасар айтганда, бугунги кунда “Toshkent yo‘lovchi vagonlarini qurish va ta’mirlash zavodi” акциядорлик жамияти жамоаси ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.


Дилшод УЛУўМУРОДОВ,
Мирзо МУРОТОВ.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn