Хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш — долзарб вазифа
  • 10 Март 2015

Хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш — долзарб вазифа

Олий Мажлис қуйи палатаси қўмиталари қонун ижодкорлиги фаолиятига қонун лойиҳаларини давлат бошқарувининг турли бўғинлари, фуқаролик жамияти институтларида, шулар қаторида, олимлар, юқори малакали мутахассислар, экспертларнинг кенг доирасини жалб қилган ҳолда, батафсил ва таъсирчан муҳокама қилиш амалиёти жорий этилаяпти. Бу эса самарали қонун ижодкорлиги фаолиятининг мустаҳкам пойдевори саналади.

Қуйи палатанинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда “Хусусий мулк ҳуқуқлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси нормаларини кўриб чиқишга бағишланган тадбир ўтказилди. Хусусий мулк кафолатларини янада мустаҳкамлаш назарда тутилаётган ушбу ҳуқуқий ҳужжат қуйи палата муҳокамасига тайёрланмоқда.
Маълумки, мамлакатимизда замонавий бозор муносабатларини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда хусусий мулк институтига алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти.
Тадбирда Марказ тингловчилари, ҳуқуқшунос-олимлар, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳаси мутахассислари қатнашди. Хусусан, унда иштирок этган юристлар бу хусусий мулк жабҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш учун кенг имконият яратишини қайд этган бўлса, амалиётчи олимлар томонидан ҳуқуқни қўллаш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Қонун лойиҳасида Фуқаролик, Жиноят, Солиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши кўзда тутилаётир. Мазкур тузатишлар мол-мулкни тортиб олиб қўйганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мулкдорнинг олиб қўйилган хусусий мулк объекти, дов-дарахтлар, бузилаётган бинолар ва иншоотлар, шунингдек, ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқнинг бошқа барча зарарларнинг ўрни тўла ҳажмда қопланганидан кейин компенсацияси тартибини такомиллаштиришга қаратилгандир.
Қолаверса, қонун лойиҳасида Солиқ кодексини хусусий мулкдорларнинг судга давлат божидан озод этилган ҳолда мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган норма билан тўлдириш таклиф этилаяпти.
Тадбир давомида олимлар, юқори малакали мутахассислар, экспертлар томонидан айтиб ўтилган таклифлар ва мулоҳазалар инобатга олинди. Улар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда муҳокама қилинади.
Қонун лойиҳасининг кенг таҳлилдан ўтказилиши келгусида унинг амалиётдаги ҳаётий аҳамияти ҳамда самарадорлигида ўзининг ижобий ифодасини топиши шубҳасиз.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn