Ишончни оқлаш саодати
  • 10 Март 2015

Ишончни оқлаш саодати

Эл-юрт олдидаги фарзандлик бурчини шараф билан уддалаган йигитлар бугун ўз қадрдонлари бағрига қайтмоқда. “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги 2014 йил 26 декабрда қабул қилинган қарор ижроси доирасида жойларда уларни тантанали кутиб олиш маросимлари ўтказилаяпти.

Нукус темир йўл вокзалида ҳам ана шундай байрамона тадбир ташкил этилди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган йигитларни қарши олишга чиққан ота-оналарнинг қувончи чексиз, қалби фахрда. Бинобарин, миллий армиямиз сафларида хизмат қилиб, ҳам жисмонан, ҳам маънан камолга етган, куч-қувватга тўлган жигарбандини кўрган ҳар қандай ота-онанинг бундай дамларда ўзини бахтиёр ҳис этиши, шубҳасиз.
Бугун шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар самараси ўлароқ, замон талабларига тўла жавоб берадиган, пухта тайёргарликка эга, тинч ва осойишта ҳаётимизни муносиб ҳимоя қилишга қодир профессионал армияга эга бўлдик. Ҳарбий хизматчиларга яратиб берилаётган турли имтиёзлар, шарт-шароитлар, ҳарбий қисмлардаги юксак маънавий-ахлоқий муҳит туфайли аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори ошди. Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, балки чинакам шон-шараф ишига айланди.
— Ўзимга билдирилган ишончни оқлаб, ёруғ юз билан қайтганимдан хурсандман, — дейди резервга бўшатилган Шарапатдин Абдухалиқов. — Муддатли ҳарбий хизмат билимимни бойитиш, жисмоний салоҳиятимни ошириш йўлидаги энг муҳим босқичлардан бири бўлди. Қалбимда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғулари янада мустаҳкамланди. Хизмат бурчимни аъло даражада ўтаганим учун ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини қўлга киритдим. Бу менга тест синовларида белгиланган имтиёздан фойдаланиш имконини беради. Шу орқали ўзим танлаган мутахассисликни эгаллаб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқчиман.
— Ўғлим армияда тобланибди, — дейди Шарапатдиннинг отаси Имямин Абдухалиқов. — Дунёқараши кенгайиб, билими анча ошган. Билаги кучга тўлган, бўйи ҳам чўзилгандек. Юрт корига ярайдиган шундай фарзандни вояга етказганимдан бугун ғурур ҳиссини туйдим. Бундай бахт ҳар бир ота-онага насиб этишини тилайман.
Маросимда қатнашган кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар муқаддас бурчини шараф билан уддалаган йигитларни табриклаб, келгусидаги ишларида муваффақият тиладилар.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn