«Бўйларингдан айланай, ўғлим!»
  • 09 Март 2015

«Бўйларингдан айланай, ўғлим!»

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида” 2014 йил 26 декабрда қабул қилинган қарорга мувофиқ, юртимизнинг барча ҳудудида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар тантанали кутиб олинаяпти.

Ота-онанинг фахри, опа-сингилларнинг суянчи, Ватаннинг ишончи бўлган мард ва шижоатли йигитларимиз пойқадами билан улар ўсиб-улғайган хонадонларда бугун ўзгача хурсандчилик ҳукмрон.
Худди шундай шодиёна шукуҳи куни кеча Қибрай туманидаги Қорабоевлар хонадонини ҳам бир зумда тўйхонага айлантирди. Юрт олдидаги шарафли бурчини ўтаб қайтган оила дилбанди Жавоҳирни қутлаш учун қариндошлари, дўст-биродарлари, қўни-қўшнилар жамулжам бўлишди. Ҳарбий либоси ўзига ярашиб турган ўғлонни завқ-шавқ билан суҳбатга тортаётганларнинг кўнглидан “Армия, ҳақиқатан ҳам, йигитни йигит қиладиган чинакам ҳаёт мактаби экан”, деган ўй ўтгани, шубҳасиз.
— Жавоҳирни муддатли ҳарбий хизматга кузатаётганимизда, очиғи, бир оз хавотирлангандик, — дейди хонадон бекаси Раъно Қорабоева. — Чунки ёлғиз ўғил бўлгани учун сал эркароқ ўсганди-да. Болалигиданоқ аскарликни орзу қилгани, қолаверса, юртни ҳимоя этиш ҳар бир ўғлоннинг шарафли бурчи эканлиги туфайли ҳам унга чин юракдан муваффақият тиладик. Бугун оиламиз бағрига ёруғ юз билан қайтган болагинамни кўриб, фахрланиб кетдим. Уни бағримга босиб, “Бўйларингдан айланай!” деб юз-кўзидан ўпдим. Ростдан ҳам, у янада улғайибди. Ўғлимизда олий ўқув юртига кириб ўқиш истаги туғилганидан икки ҳисса қувондик. Армияда ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини олган экан. Бу унинг мақсадига эришишида зўр имкониятдир. Ёшларимизга ана шундай шароитларни яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида миллий армиямизни сифат жиҳатидан энг юксак ва профессионал даражага кўтариш баробарида, хизматни ўтаб қайтганларнинг кейинги фаолиятини ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар учун ишга жойлашиш ва олий ўқув юртларига ўқишга киришда қатор имтиёзлар жорий этилгани кўплаб ёшларимизнинг жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
— Бугун йигитларимиз муддатли ҳарбий хизматни ўз келажаги, мақсад-муддаолари йўлидаги масъулиятли босқич, деб билаяптилар, — дейди Тошкент давлат аграр университети қошидаги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси Шавкат Дурхўжаев. — Масалан, бизнинг билим даргоҳимизда таҳсил олаётган талабаларнинг бир гуруҳи муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтагани учун тегишли имтиёзга эга бўлиб, ўқишга қабул қилинган йигитлардир. Улар орасида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётганларнинг бир гуруҳига контракт суммасининг муайян қисми “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан тўлаб берилаяпти.
Ватан ҳимояси — муқаддас бурч. Ушбу бурч мустақил юртимизнинг ҳар бир ўғлони қалбига ғурур ва ифтихор бахш этадиган шарафли ишга айланди. Ёшларимизда ҳарбий хизматга бўлган ишонч ҳамда ҳурмат туйғусининг юксалиб бораётгани эса мамлакатимиз тараққиёти, тинчлик-осойишталикни таъминловчи энг қудратли омилдир.


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn