Тадбиркорликка — кенг йўл
  • 09 Март 2015

Тадбиркорликка — кенг йўл

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга зарур шарт-шароитлар яратилган.

Хусусан, “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, банк ва ишбилармон аёллар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни таъминлашда дастуриламал бўлмоқда.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ушбу Фармон ижроси доирасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ қилинаётир. Натижада аёллар тадбиркорлигининг кўплаб шаклларини ривожлантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий-иқтисодий билимларини ошириш, хорижий тажрибалар билан танишиш ҳамда чет эл инвестициясини жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Чунончи, ўтган даврда шу мақсадда тижорат банклари томонидан 3 трлн. 200 млрд. сўмдан зиёд кредитлар ажратилди. Бунда қишлоқ жойларида аёллар томонидан бошқарилаётган, улар меҳнатидан фойдаланилаётган кичик корхоналарни равнақ топтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни рағбатлантириш, касаначилик ҳамда янги иш ўринлари яратишга йўналтирилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 35, фермерларнинг 10 фоизини аёллар ташкил қилади. Уларнинг нафақат оила бюджетига, шу билан бирга, иқтисодиётимиз ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётгани, айниқса, диққатга сазовор.
Тижорат банклари томонидан аёлларнинг турмуш шароитини яхшилашга ҳам алоҳида аҳамият берилаяпти. Хусусан, 2014 йилда маиший электр жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали уларнинг кундалик уй меҳнатини енгиллаштириш мақсадида маҳаллий уй-рўзғор буюмларини сотиб олиши учун 57 млрд. сўмликдан ортиқ кредитлар ажратилгани бунинг ҳаётий тасдиғидир.
Бундан ташқари, яқинда республикамиз барча ҳудудида Марказий банк томонидан Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида ўтказилган амалий семинарларда тадбиркор хотин-қизлар, шунингдек, ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган аёллар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, яратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.
Пойтахтимизда Республика Марказий банки томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уюштирилган анжуманда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди.


З. ИСМОИЛОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn