Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш
  • 09 Март 2015

Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш

иқтисодий барқарорлик ва фаровонлик омилидир

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг юртимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва давлат мулки улуши мавжуд корхоналарни хусусийлаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, халқаро экспертлар ва оммавий -ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ҳамда ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқаришга инвестициялар жалб қилиш, хусусийлаштириш жараёнига замонавий менежмент стандартларини қўллаш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани амалда ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ҳозирги кунда республикамиз бўйича 1 минг 100 дан ортиқ акциядорлик жамияти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг умумий устав капитали 11 триллион 700 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этаётир. Бу кўрсаткич сўнгги ўн йил ичида 5,3 баробар ўсган. Қолаверса, юртимизда 90 дан ортиқ давлатнинг инвесторлари иштирокида 4 мингдан зиёд корхоналар муваф-фақиятли ишламоқда.
Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, истиқлол йилларида хусусийлаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида кўпгина тармоқлар, хусусан, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатишнинг барча тури мулкдорлар ихтиёрига тўлиқ берилди. Тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, мебелсозлик, чарм-пойабзал ишлаб чиқариш саноати ҳамда уй-жой секторида давлат улуши кескин камайтирилди. Аммо шунга қарамасдан, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Жумладан, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳисобига мулкчилик шаклларини янада ривожлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан чет эл тажрибасини ўрганиш ҳамда уни ҳаётга кенг татбиқ этиш доирасида корпоратив бошқарув тизимини тубдан ўзгартириш бўйича чоралар дастури ишлаб чиқилаяпти.
Бундан ташқари, шу кунларда қўмита томонидан 2015/2016 йилларга мўлжалланган давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича дастур лойиҳасини тайёрлашга ҳам киришилди. Унда давлат активлари ва объектларини очиқ савдолар орқали сотиш, фаолият кўрсатмаётган корхона ёки фойдаланиб бўлмайдиган объектларни тўлиқ сотиш, фонд биржасидаги амалиётлар ҳажмини ошириш, қўшимча акциялар чиқариш каби кўплаб вазифалар белгиланган. Демак, келгусида бу борада янада юқори кўрсаткичларга эришилади.
Давра суҳбатида, шунингдек, Корея Республикаси, Германия, Малайзия сингари мамлакатларнинг давлат улуши мавжуд корхоналарида бошқарувни такомиллаштиришга бағишланган тақдимот маросимлари ўтказилиб, хусусий секторнинг кимё ва энергетика саноатидаги тажрибалари муҳокама этилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn