Аскарлар тантанали кутиб олинди
  • 05 Март 2015

Аскарлар тантанали кутиб олинди

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида” 2014 йил 26 декабрда қабул қилинган қарорга мувофиқ, жойларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларни тантанали кутиб олиш тадбирлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири “Жиззах” темир йўл вокзалида бўлиб ўтди. Аскарларни ота-оналари, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари кутиб олди. Мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида ихчам, пухта тайёргарликка эга, тезкор ва замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилгани таъкидланди.
— Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ота-оналар фарзандларини ҳарбий хизматга қувонч билан кузатиб, фахр-ифтихор билан кутиб олмоқда, — дейди Республика “Оила” илмий-амалий маркази Жиззах вилояти филиали директори Ф. Сатторова. — Бу мамлакатимизда ҳарбий хизмат йигитларнинг ҳар томонлама чиниқиш ва тарбия мактабига айланганидан далолат беради. Айниқса, давлатимиз томонидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларга олий ўқув юртларига кириш учун берилаётган имтиёзлар уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун хизматдан қайтган бу аскарлар ҳам шундай имтиёзлар билан мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Уларнинг кўпчилиги олий ўқув юртига ўқишга киришда имтиёз берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган.
— Ҳарбий хизмат жисмоний чиниқишим ва касб маҳоратимни оширишда мен учун катта мактаб бўлди, — дейди муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган
А. Мухторов. — Энг муҳими, хизматни аъло даражада ўтаганим учун қисм қўмондонлиги менга олий ўқув юртига ўқишга киришим учун имтиёз берадиган тавсиянома тақдим этди ва бу танлаган касбим бўйича етук мутахассис бўлишимда асқатиши шубҳасиз.


Т. БЕКНАЗАРОВ,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn