Бахтиёр ва шижоатли ёшлар
  • 05 Март 2015

Бахтиёр ва шижоатли ёшлар

юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда

Бугун мустақил диёримизнинг бахтиёр ва шижоатли ёшлари давлатимизнинг юксак ғамхўрлиги ҳамда эътиборидан баҳраманд бўлиб камол топмоқда. Бинобарин, жисмонан соғлом, маънан етук, замонавий билим ва тараққиёт ютуқларини чуқур эгаллаган, иродаси мустаҳкам авлодни вояга етказаётган мамлакатнинг эртаси ёруғ, келажаги нурафшондир.
Тошкент вилоятида “Нима қилдик Ватан учун?” шиори остида ўтказилган ижодий учрашувлар ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир намунаси бўлди, дейиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда таниқли ёзувчи-шоирлар, маданият ва санъат намояндалари қатнашди.
Ёшлар ҳузурида кечган дилтортар суҳбатлар Ватанга садоқат ва муҳаббат, тинчлик ҳамда осойишталикни асраб-авайлаш, шу билан бирга, истиқлол йилларида халқимиз қўлга киритаётган оламшумул ютуқлар ҳақида бўлди. Юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган умуммиллий дастурлар, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг юксак натижаларини бераётгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, вилоят аҳолисининг 1,5 миллион нафардан зиёдини ёшлар ташкил қилади. Навқирон авлод камолоти йўлидаги улкан ғамхўрлик ва эътибор самаралари улар ҳаётида ҳам чуқур из қолдираяпти. Вилоят спортчи-ёшларининг 300 га яқини жаҳон, Осиё ва мамлакат чемпионларидир. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган истеъдодли қизлар 14 нафарга етган бўлса, санъат йўналишидаги ёрқин ижоди билан кўзга кўринган 10 га яқин иқтидор соҳиби “Ниҳол” мукофотини қўлга киритди. Кейинги йилларда таълим йўналишида изланишлар олиб бораётган ёшлардан 8 нафари фан номзоди, 4 нафари фан доктори бўлиб етишди. Ўндан ортиқ талаба махсус стипендиялар соҳиби, тўрт ўқувчи эса Менделеев номидаги халқаро фан олимпиадаси ғолибига айланди. Охирги икки йил давомида вилоятдаги 700 га яқин ёш тадбиркор, фермер ва ҳунарманд имтиёзли кредитлар ҳисобидан ўз бизнес-режаларини рўёбга чиқарди.
— Бундай ижодий учрашувлар иқтидорли ўғил-қизлар билан қизғин мулоқот қилиш, уларнинг орзу-интилишларига қанот бағишлашда жуда катта аҳамиятга эга, — дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бош мутахассиси Дониёр Қодиров. — Шу боис бу каби маънавий-маърифий анжуманларни ўтказиш бўйича аниқ тадбирлар белгилаб олганмиз.
Самимий руҳда кечган ижодий суҳбатлар ва мушоиралар санъат усталари, вилоят академик-бадиий жамоалар дирекцияси хонандалари, шунингдек, ижрочи ёшларнинг она-Ватан, тинчлик ҳамда осойишталик қадри, вафо ва садоқат туйғулари тараннум этилган гўзал куй-қўшиқларига уланди.

Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn