Энг эзгу мақсад — фарзандлар камоли
  • 05 Март 2015

Энг эзгу мақсад — фарзандлар камоли

Мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. 1993 йилнинг 4 март куни мустақил давлатимиз тарихидаги илк юксак нишон сифатида  “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилгани ҳам бежиз эмас. Негаки, соғлом деганда биз нафақат жисмонан бақувват, шу билан бирга, маънавий етук инсонни тушунамиз.

Дарҳақиқат, ҳар бир миллатнинг эртанги куни бугунги авлод тақдири билан узвий боғлиқдир. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, фарзандларимизни билимли, соғлом, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасида ўтган йиллар давомида кенг кўламли ишлар бажарилди. Хусусан, мамлакатимизда ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт мусобақаларининг ҳам бу борада алоҳида ўрни бор. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари”, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод” ҳамда олий ўқув юртлари талабаларининг Универсиада спорт ўйинлари ўғил-қизларимизни фойдали ҳаракатга йўналтириш, курашда чиниқтириш, ғалабага интилиш фазилатларини камол топтириш, қисқача айтганда, спортни уларнинг ҳаётий эҳтиёжига айлантиришга хизмат қилмоқда. Яқинда ўтказилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам спорт одамларнинг оиласига, онгига киргани, турмуш тарзига айлангани алоҳида қайд этилди.
Юртимизда эзгу мақсад билан бошланган барча ишларнинг замирида баркамол авлод орзуси мустаҳкам ўрин эгаллаганини -англаш қийин эмас. Масалан, мантиқан бири-бирига ҳамоҳанг бўлган Оила йили, Соғлом авлод йили, Она ва бола йили, Ёшлар йили, Баркамол авлод йили, Соғлом бола йилида улкан ишлар амалга оширилди. Жорий — Кексаларни эъзозлаш йилида ҳам бу эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, тиббий кўрикларни ўтказиш, жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тиббий маданият даражасини янада юксалтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Саломатлик ҳафталиги ташкил қилиниб, нуроний отахону онахонлар, хотин-қизлар, оналар ва болаларнинг тиббий текширувдан ўтказилгани ҳам аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, соғлом авлодни камол топтириш йўлидаги ишларнинг ёрқин ифодасидир.
Икки даражадан иборат мазкур “Соғлом авлод учун” ордени билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни яхшилаш, соғлом авлодни камол топтириш йўлида фидокорона хизмат қилаётган кишилар мукофотланади. Шунингдек, бошқа давлатлар фуқаролари ҳам ушбу орден билан тақдирланиши мумкин.
Орденнинг ўнг қисмидаги қуёш нурлари аксида фарзандини бағрига олиб, меҳр улашаётган мўътабар она сиймоси ифодаланган. Эзгу орзу-интилишлар рўёби бўлмиш беғубор бола эса иштиёқ ва қувонч билан қуёш нурларига талпинмоқда.
Орден бириктирилган дастанинг ички қисми яшил рангли товланадиган лента билан ўралган. Лентанинг ўртасида ўрик дарахтининг гуллаб турган шохи тасвирланган. Гуллаётган ўрик — кўклам, табиат ва онгдаги уйғониш тимсоли. Бу тасвир яшариш ҳамда янгиланиш рамзи бўлган яшил ранг фонида янада гўзал жило ва теран мазмун ифода этади.
Бугун қабул қилинганига 22 йил тўлган “Соғлом авлод учун” орденининг таъсис этилиши инсон ва унинг манфаатлари ҳар томонлама эъзозланаётган бизнинг диёримизда халқ саломатлиги, янги авлоднинг жисмоний ва руҳий-маънавий баркамоллиги олий қадрият деб эътироф этилаётганлигининг ёрқин рамзидир. Зеро, соғлом, билимли ва фидойи фарзандлари бўлган халқ, албатта, ўзининг буюк келажагини барпо этади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn