Мардлик, фидойилик ва садоқат
  • 05 Март 2015

Мардлик, фидойилик ва садоқат

Миллий армиямиз ёшлар қалбида ана шу туйғуларни мустаҳкамловчи чинакам ҳаёт мактабидир.

Шу кунларда юртимизнинг барча жойларида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида” 2014 йил 26 декабрда қабул қилинган қарорга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларни тантанали кутиб олиш маросимлари қизғин давом этмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири куни кеча Тошкент темир йўл вокзалида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ота-оналар қатнашди.
Маросимда мустақиллик йилларида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида олиб борилган ислоҳотлар туфайли -сарҳадларимиз дахлсизлиги, аҳолининг тинч ва осуда ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллангани қайд этилди. Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими йўлга қўйилгани, Қуролли Кучларимиз сафида ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларга қатор имтиёзлар жорий қилингани алоҳида таъкидланди. Бундай кенг қамровли чора-тадбирлар туфайли аҳоли ўртасида, айниқса, ёшлар орасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак даражага кўтарилгани эътироф қилинди.
— Ўзимга билдирилган ишончни оқлаб, яқинларим бағрига ёруғ юз билан қайтганимдан жуда хурсандман, — дейди резервга бўшатилган Дилшод Турсунов. — Армия туфайли дунёқарашим кенгайди, билимларим мустаҳкамланди, жисмоний тайёргарлигим ошди. Муддатли ҳарбий хизматга кетаётганимда кузатиб қўйган тенгқурларим шу ўтган вақт мобайнда бунчалик ўзгарганимни, куч-қувватга тўлганимни кўриб, ҳавас билан қарашганида, очиғи, ич-ичимдан ғурурланиб кетдим. Эндиги ниятим олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олиб, офицер бўлишдир. Бунинг учун вақтни бой бермасдан, синовларга ҳозирданоқ тайёргарликни бошлайман.
— Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиб, зиммамдаги масъулиятли бурчимни шараф билан адо этганимдан фахрланаман, — дейди муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтганлардан яна бири Миршоҳид Собиржонов. — Армияда жуда кўп нарса ўргандим. Нафақат жисмоний жиҳатдан чиниқдим, балки маънавий дунёқарашим ҳам юксалди, билимим ошди. Тошкент темир йўл муҳандислари институтига ўқишга кирмоқчиман. Ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини қўлга киритганман. Бу менга тест синовларида белгиланган имтиёздан фойдаланиш имконини беради.
Дарҳақиқат, Миршоҳид сингари миллий армиямизда ўз бурчини намунали ўтаб қайтган йигитларга, юқорида айтиб ўтганимиздек, давлатимиз томонидан қатор имтиёзлар назарда тутилган. Хусусан, 2012 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш жорий этилган.
— Бунақанги эътибор яна қаерда бор? — дейди резервга бўшатилган Жаҳонгир Муҳаммаджоновнинг отаси Эркинжон Ашуров. — Фарзандларимизга шундай шароитларни яратиб бераётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз. Бугунги тадбир бизда катта таассурот қолдирди. Қаранг, кутиб олиш маросими худди бир байрамдек ўтказилди. Ўғлимни тўйиб-тўйиб бағримга босдим. Бўйлари анча чўзилиб, янаям куч-қувватга тўлибди. Ҳар бир ота-она фарзанди камолини кўриш орзуси билан яшайди. Мен ўзимни ана шундай бахтга эришган оталардан бири, деб ҳисоблайман ва бундан ғурурланаман.
Кутиб олиш маросими якунида тадбир иштирокчилари муддатли ҳарбий хизматдан қайтганларнинг барчасига келгуси ишларида муваффақият тиладилар.

 

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Темур МАМАДАМИНОВ (ЎзА)
олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn