Муҳаббат ва нафосат куйчисига эҳтиром
  • 03 Март 2015

Муҳаббат ва нафосат куйчисига эҳтиром

Баҳорнинг илк куни — садоқат ва вафо куйчиси, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган айёмда унинг ҳайкали ўрнатилган пойтахтимиздаги хиёбон ҳар доимгидан-да гавжум бўлди.

Бу ерда шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, жамоатчилик вакиллари иштирокида “Салқин саҳарларда уйғонган баҳор” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси
Ф. Абдураҳимова ва бошқалар “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида” 2014 йил 31 октябрда қабул қилинган қарор асосида ардоқли шоиранинг таваллуд айёми кенг нишонланаётгани юртимизда ижод аҳлига, қолаверса, аёл зотини улуғлашга бўлган эътиборнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Ўз навбатида, бу ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтириш, улар қалбида ватанпарварлик, ибратли анъаналарга ҳурмат ҳамда эҳтиром, миллий адабиётимизга меҳр ва иштиёқни янада кучайтириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Айтиш жоизки, Зулфия таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, шоиранинг “Хотирам синиқлари” достони асосида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда спектакль саҳналаштирилди. Интернет тармоғида Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган махсус веб-сайт (zulfiyaxonim.uz) ишга туширилди. Ижодкор шеърларидан иборат назм гулдастаси инглиз, қорақалпоқ, корейс тилларида нашрдан чиқарилди. Шунингдек, “Зулфия замондошлари хотирасида” китоби чоп этилди. Унда адабиётшунослар, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, мунаққидларнинг эл суйган ижодкор ҳақидаги ёрқин хотиралари, қимматли фикрлари келтирилган.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилиб, адабиёт, фан, таълим, маданият, санъат каби соҳаларда изланаётган, фаол, фидойи, ташаббускор ва иқтидорли қизлардан бир гуруҳи ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида мукофотланаётир. Бу ҳам юртимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларга ёрқин бир мисолдир.
2008 йилда пойтахтимизда шоира хотирасига бағишлаб маҳобатли монумент барпо этилгани Зулфиянинг миллий адабиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси, бетакрор ижодий мероси, самарали фаолиятининг яна бир юксак эътирофи бўлди.
Анжуман иштирокчилари ана шу монумент пойига гулчамбар қўйдилар.
Шоира ижодидан намуналар ўзбек ва хорижий тилларда ўқилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn