Ёши улуғларни эъзозлаш — эзгу қадрият
  • 26 Февраль 2015

Ёши улуғларни эъзозлаш — эзгу қадрият

Кексаларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат. 2015 йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани ана шу бебаҳо қадриятнинг ҳаётимизда ёрқин акс этишига хизмат қилади. Зеро, нуроний отахону онахонлар қадрланган юртдан файзу барака, фаровонлик, аҳиллик аримаслиги — асрлар синовидан ўтган ҳақиқат.

Шу муносабат билан яқинда Президентнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.
Биласиз, бугун дунёнинг кўплаб давлатлари молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий оқибатларидан жиддий азият чекаяпти. Шу туфайли уларда ижтимоий соҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш, пенсия таъминоти учун ажратилаётган маблағлар тобора қисқартирилмоқда. Юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ узоқни кўзлаб олиб борилган оқилона сиёсат, жумладан, ҳаётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели”, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тамойиллари шарофати билан мана шундай мураккаб бир вазиятда ҳам иқтисодий барқарорлик таъминланаётир. Бу ҳар йили давлат бюджети харажатларининг қарийб олтмиш фоизини ижтимоий секторга йўналтириш имконини бераяпти. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлардан, албатта, хонадонларимиз файзи бўлган пиру бадавлат нуронийларимиз ҳам ҳар томонлама баҳраманд бўлмоқда.
Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида давлат бюджети ҳисобидан 11 триллион 618 миллиард сўмдан ортиқ пенсия, 105 миллиард сўмдан зиёд нафақалар тўланди.
Бу борада 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига асосан, уларни ижтимоий ҳимоялаш, хусусан, йилда бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат ҳисобидан даволаниш имкони яратилди.
Шубҳасиз, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарорнинг ижроси бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиради. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, фашизм устидан қозонилган ғалаба ва Ватанимизни қайта тиклашга муносиб ҳисса қўшган 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ҳамда сифатини ошириш каби қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Бу, ўз навбатида, биз депутатлардан ҳам катта масъулият талаб этади. Мазкур жабҳага оид ҳуқуқий ва ижро механизмларини янада такомиллаштириш, тегишли давлат дастури ва қонунчилик ҳужжатлари устидан парламент назоратини янада кучайтириш, унинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини электоратга етказиш, ҳар бир ҳудуд бўйича назорат-таҳлил тадбирлари самарадорлигини ошириш каби йўналишлар бу борада долзарб аҳамиятга эгадир.
Зотан, кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ёқубжон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Санъат ва камолот Қисқа сатрларда »