Санъат ва камолот
  • 26 Февраль 2015

Санъат ва камолот

Кўнгил тарбияси — маънавий камолотнинг энг муҳим босқичи. Зеро, эзгу фазилатларнинг манбаи — кўнгил! Ватанга муҳаббат, юртга садоқат каби туйғулар ҳам қалбимизнинг туб-тубида илдиз отади, шаклланади. Пировардида ана шу ҳислар ҳар биримизни юртни севиш ва ардоқлаш, тинчлик ҳамда осойишталигимизни асраб-авайлаш, дориламон кунларнинг қадрига етишга даъват этиши, шубҳасиз.

Бу Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан жойларда “Нима қилдик Ватан учун?” шиори остида ўтказилаётган ижодий учрашувларда ҳам ўз тасдиғини топмоқда.
Хусусан, Бухоро вилояти мусиқали драма театрида бўлиб ўтган ана шундай тадбир маданият ва санъат намояндаларининг ёшлар билан қизғин мулоқотига айланди. Унда навқирон авлод вакилларини жисмонан ҳамда маънан етук инсонлар қилиб вояга етказиш, истеъдод ва иқтидорини рўёбга чиқариш, давлатимиз ҳамда жамиятимизда рўй бераётган янгиланишлар, ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш каби мавзуларда сўз юритилди.
— Шундай юрт фарзанди эканлигимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди, — дейди тадбир қатнашчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Алишер Турдиев. — Бинобарин, мамлакатимизнинг барча гўшалари қатори, Бухорода ҳам ёш авлоднинг замон талаблари даражасида билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун яратилган имкониятларни кўриб, қалбимизда яна бир карра ифтихор ҳиссини туйдик. Ўз навбатида, шундай беқиёс ғамхўрликларга жавобан Ватан учун нима қилаяпмиз, фарзандлик бурчимизни қандай ўтаяпмиз, деган савол ҳар бир юртдошимизнинг хаёлидан кечиши жоиз.
Ижодий учрашув доирасида ташкил этилган маҳорат сабоқларида мусиқа ва санъатга меҳр қўйган ўғил-қизлар фаол қатнашди. Санъаткорлар, ижодкорлар билан мулоқотлар уюштирилди. Таниқли хонандалар томонидан гала-концерт намойиш қилинди.
Хоразм вилояти ёшлари ҳам “Нима қилдик Ватан учун?” шиори остида ўтказилган ижодий учрашувда фаол иштирок этдилар. Унда йигит-қизларни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш, ёш авлодни миллий қадриятларимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир Урганч шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида иқтидорли ўғил-қизларнинг таниқли ижрочилар билан учрашувидан бошланди. Унда таъкидланганидек, ҳозир вилоятда янгидан қурилган ва капитал реконструкция қилинган 15 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, битта санъат коллежи фаолият олиб бормоқда. Уларнинг барчаси замон андозалари даражасида жиҳозланган. Мазкур муассасаларда 5 минг нафардан ортиқ истеъдодли ўғил-қизлар санъат сирларини пухта ўрганиб, кўплаб нуфузли халқаро кўрик-танловларда юртимиз довруғини дунёга ёйишмоқда.
Мулоқот чоғида ўқувчилар ўз маҳорат ва  истеъдодларини намоён этиб, қатнашчиларга концерт дастурини тақдим қилдилар.
— Хоразм азалдан санъаткорлар юрти, — дейди “Ниҳол” мукофоти совриндори Умида Хўжаева. — Бугун ушбу воҳанинг қўшиқсевар болалари билан учрашиб, бунга яна бир бор амин бўлдик. Улардаги ғайрат-шижоат, билим ва иқтидор бизни тўлқинлантириб юборди. Болалар ижросида миллий ҳамда жаҳон маданияти дурдоналарини завқ билан тинглаб ҳайратландик. Буларнинг барчаси биз, ёшларнинг истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Ижодий учрашув доирасида Огаҳий номидаги вилоят мусиқали ва драма театрида таниқли санъаткорлар иштирокида бўлиб ўтган гала-концертда Ватанга муҳаббат, ёшлик, нафосат туйғулари яна бир бор мадҳ этилди. Мустақиллик, тинчлик, дўстлик тушунчалари диллардан-дилларга кўчди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn