Юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси
  • 21 Февраль 2015

Юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси

«Нима қилдик Ватан учун?» шиори остида ўтказилаётган ижодий учрашувларда яққол намоён бўлмоқда

Нега Ватанни қадрлаймиз, ардоқлаймиз? Нима учун Мустақиллик энг улуғ неъмат? Истиқлол бизга нима берди? Биз-чи, Ватан учун нима қилдик?
Кеча Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма ва комедия театрида таниқли ёзувчи ҳамда шоирлар, маданият ва санъат намояндалари ҳамда ёшлар иштирокида бўлиб ўтган ижодий учрашувда ана шундай саволлар атрофида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан “Нима қилдик Ватан учун?” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбир ёш авлод қалбида она-юртга муҳаббат ва садоқат туйғулари, ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини камол топтириш, истеъдод ҳамда салоҳиятини юзага чиқариш, миллий менталитетимизга ёт турли таҳдидлардан асраш каби масалаларга бағишланди.
Таъкидланганидек, айни пайтда вилоятда 27 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, битта санъат коллежи фаолият юритмоқда. Улар замон талаблари даражасида жиҳозланган. Буни Андижон шаҳридаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюрган тадбир иштирокчилари ҳам алоҳида эътироф этишди.
— Ушбу масканда таҳсил олаётган ўқувчилар нафақат қўшиқчилик, балки рақс бобида ҳам ўз маҳоратларини намойиш қилдилар, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова. — Мактабнинг симфоник оркестри ижросида миллий ва жаҳон маданияти дурдоналарини завқ билан тингладик. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор самараларидир.
Шунингдек, ижодий учрашув доирасида таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт ташкил этилди. Унда ижро қилинган куй-қўшиқларда Ватан, истиқлол, тинчлик-осойишталик, дўстлик каби эзгу тушунчалар тараннум этилди. 
Шу куни Андижон шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказида Ёшлар маданият ва санъат маркази, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Куйла, ёшлигим”  кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Тадбирда 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидор соҳиблари эстрада-вокал йўналишида ўз маҳоратларини намойиш қилдилар. Якунда ғолиб деб топилганлар танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn