Тезкорлик ва холислик мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий мезонидир
  • 21 Февраль 2015

Тезкорлик ва холислик мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий мезонидир

Пойтахтимизда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасидаги “Жамият ва мен”, “Эътироф” республика танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида оммавий ахборот воситалари босқичма-босқич ривожланиб, миллий матбуотимизнинг таъсирчанлиги ошиб бормоқда. Энг муҳими, ишончли, тезкор ва холис ахборотлари билан миллий журналистикамиз жамиятимизда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб бораётир.
Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имконият ва шароитлар туфайли юртимизда оммавий ахборот воситалари сони жадал ўсмоқда.  Бугунги кунда уларнинг сони 1991 йилдагига нисбатан 3,5 баробар, жумладан, газеталар 2,5 марта, журналлар эса 3,5 карра кўпайди. Интернетдан фойдаланувчилар сони ҳам ошиб бораяпти. Айни пайтда улар 10 миллион 200 минг кишидан ошди ёки республикамиз аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда.
2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фуқароларнинг ахборот соҳасига оид ҳуқуқларини янада кенг таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини ошириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ролини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори эса оммавий ахборот воситаларининг молиявий барқарорлиги ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашга туртки берди.
Тадбир давомида демократик ислоҳотларни жамоатчиликка етказишда журналист масъулияти, унинг фаол фуқаролик позицияси, оммавий ахборот воситаси ходимининг касб одоби, жамоатчиликка тезкор, холис ва ҳаққоний ахборот етказишда ихтисослашувнинг долзарб масалалари кенг муҳокама қилинди.
“Жамият ва мен” танловида 12 та йўналишда, “Эътироф” танловида эса 6 та йўналишда ғолиблар аниқланди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

ҚУТЛАЙМИЗ!
“Эътироф” танловида тақдирланганлар орасида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари фотомухбири Шомурот Шарапов ҳам бор. Ҳамкасбимизни чин дилдан қутлаб, келгусидаги ишларида янада муваффақият тилаймиз.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn