Ҳамкорлик самараси ва истиқбол
  • 19 Февраль 2015

Ҳамкорлик самараси ва истиқбол

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2014 — 2016 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувнинг ўтган йилдаги ижроси юзасидан уч томонлама комиссия йиғилиши ўтказилди.

Таъкидланганидек, Бош келишув меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик бўйича мамлакатимизда амал қилувчи асосий ҳужжатдир. У орқали уч томонлама ҳамкорлар томонидан иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, инновацион ғоялар ҳамда ишланмаларни жорий этиш кўламини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар рўёбга чиқарилиб, муайян натижалар қўлга киритилмоқда.
Меҳнат соҳасидаги ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини ратификация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг иштирокини таъминлаш Бош келишувнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Шунга мувофиқ, ҳозиргача Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида 48 та қонун ҳужжатини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Бош келишувга асосан, фуқароларнинг даромадлари ва турмуш даражасини янада юксалтириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Бунда меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш ва иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлашда жамоа келишувлари ва шартномаларининг ролини оширишга жиддий эътибор қаратилаётир. Бу масала Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан барча жамоа келишувлари ҳамда шартномаларига киритилган бўлиб, тармоқ касаба уюшмалари ва тегишли вазирликлар ўртасида имзоланган 13 та келишувда тармоқ ходимлари тариф коэффицентларини Ягона тариф сеткасига нисбатан кўтариш назарда тутилган.
Тадбирда Бош келишув асосида меҳнат бозорини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратиш доимий эътиборда бўлиб келаётгани қайд этилди. Масалан, 2014 йилда республика бўйича 1268 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, 65,2 минг нафардан ортиқ фуқаролар бандлиги таъминланган.
Ҳисобот даврида 91 минг нафардан зиёд олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқаролар ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламлари вакиллари ишга жойлашишига кўмаклашилди. 
Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини маданий дам олдириш, туризм ва соғломлаштириш ишлари ҳам тадбир иштирокчилари томонидан таҳлил этилди. Жумладан, ўтган йилда республика бўйича ёз мавсуми давомида 282 минг нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 295 минг 624 нафар ўғил-қиз бундай имкониятдан фойдаланди. 958 нафар фуқаро эса касаба уюшмалари санаторийларида бепул соғломлаштирилди.
Бош келишув асосида республика миқёсида 90 та тармоқ келишуви, 14 та ҳудудий келишув, бевосита корхона ва ташкилотларда эса 100 мингдан ортиқ жамоа шартномалари тузилгани ҳамда натижада 4,2 миллиондан зиёд ходимлар ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилиб келинаётгани, касаба уюшмаси хизматига олинган юридик шахсларнинг 98 фоизидан кўпи жамоа шартномалари билан қамраб олингани қатнашчилар томонидан эътироф этилди.
Йиғилишда Бош келишув доирасида амалга оширилган бошқа бир қатор йўналишдаги ишлар ҳам муҳокама қилиниб, истиқболдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn