Соғлом авлод тарбияси — устувор мақсад
  • 19 Февраль 2015

Соғлом авлод тарбияси — устувор мақсад

Бугун башарият томонидан тараққиётнинг янги-янги марралари қўлга киритилаяпти. Лекин жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига рахна солувчи бир қанча иллатлар ҳамон сақланиб қолаяпти. Улардан бири гиёҳвандлик балосидир.

Ҳозир Ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, тураржой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфлаётган харажатларидан анча кўпки, бу ўта ташвишланарли ҳолатдир. Аср вабосига айланган ушбу оғу домига илиниш эса оғир жиноят, ўткир ижтимоий муаммо эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Боиси ушбу хатар гепатит, ОИВ/ОИТС, сил, таносил ҳамда руҳий касалликларга мубтало этибгина қолмай, кишининг турли қинғир ишлар содир этишига сабаб бўлади. Мамлакатнинг моддий-техник, интеллектуал салоҳиятини пасайтиради, миллат генофондига путур етказади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Энг ачинарлиси, уларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлганлардир. Ҳар йили 200 мингдан зиёд киши ушбу ажал тўри исканжасида ҳаётдан кўз юммоқда. Ўз навбатида, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур офатга қарши аёвсиз курашиш барқарор ривожланиш, жамиятда ҳар томонлама соғлом турмуш тарзи, юксак маънавиятни чуқур қарор топтириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг асосий шартларидан ҳисобланади. Бу йўлда қатор халқаро конвенциялар ҳаётга татбиқ этилган. Уларнинг ижроси замирида гиёҳвандликдан холи жамият қуриш йўлида дунё ҳамжамиятини бирлаштириш ғояси мужассамдир.
Мутахассисларнинг фикрича, гиёҳвандлик моддалари таъсирига тушиб қолиш айнан ўсмирларда кўп кузатилади. Бўш вақтини мақсадсиз ўтказиш, турли ножоиз ҳою ҳавасларга берилиш, енгил ҳаётга муккасидан кетиш ана шу фожиа тўрига илиниб қолишга олиб келар экан. Шу боис навқирон авлодни турли иллатлар таъсиридан асраб-авайлаш, уларни касб-ҳунар, билим эгаллашга йўналтириш, бу йўлдаги қизиқишлари ва истеъдодларини рағбатлантириш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш давр талабидир.
Юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг пировард мақсадидир.
Шунга уйғун тарзда республикамизда бу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг ташкилий-ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Хусусан, мамлакатимиз БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги Ягона Конвенцияга, Психотроп моддалар тўғрисидаги, Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияларига қўшилган. 1999 йилда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши эса бу борадаги тадбирларни янада жадаллаштиришда катта аҳамият касб этаётир. Ўз навбатида, Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси тузилиб, унинг қарори билан 2011 — 2015 йилларга мўлжалланган тегишли комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ, давлат органлари фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда қатор ишларни олиб бориши кўзда тутилган.
Чунончи, Ички ишлар вазирлиги, ҳокимликлар, манфаатдор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ҳар йили 1 февралдан 1 мартгача юртимизда ёшлар ўртасида гиёҳвандлик моддаларининг тарқатилишига қарши кураш ойлиги ташкил этилаётгани бунга бир мисолдир. Ойлик доирасида таълим муассасалари, корхоналар, ташкилотларда давра суҳбатлари, тарғибот-тушунтириш ишлари ўтказилиб, гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, унинг таъсирида келиб чиқаётган турли муаммолар, ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилаётир. 
— Мазкур ойликдан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш, сотиш ва истеъмол қилиш ҳолларининг олдини олиш, ёшлар орасида мазкур салбий одатнинг зарари ва оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида кенг тушунча беришдир, — дейди Транспортдаги ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси бошлиғи Суннат Шеров. — Чунки ёшларнинг турли ғараз ниятли кишилар, гуруҳлар, оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёт иллатларга қарши иродасини шакллантириш, маънан баркамол, жисмонан бақувват авлодни тарбиялаш бугуннинг зарур шартидир. Бекорга гиёҳвандликни “Аср вабоси” деб атамаймиз. Унга қизиқиш, ҳавас ёки мажбурлаш йўли билан қўл урган киши қайтиб воз кечиши жуда қийин. Ёшларимизни ушбу хавф комига тушиб қолишидан сақлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Бинобарин, Ўзбекистон гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда. Бу БМТнинг Марказий Осиёда наркотиклар ва жиноятчилик бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ҳам эътироф этилаётир.
Мухтасар айтганда, шу кунларда давом этаётган ойлик нафақат гиёҳвандликка қарши кураш соҳасидаги муҳим тадбир, балки барча-барчани наркогирдобдек ўта хавфли муаммо, унинг тузатиб бўлмас асоратларидан янада кенг огоҳ этувчи ташаббусдир. Гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларни бу балодан асраш мақсадида изчил давом эттирилаётган чора-тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари кўламини янада кенгайтириш фуқароларимиз онгу шуурида маънавий-маърифий иммунитетни кучайтиришга хизмат қилади.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn