Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат
  • 18 Февраль 2015

Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат

Аввал хабар қилинганидек, Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жойларда йигитларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатишга бағишланган тантанали маросимлар бўлиб ўтмоқда.

Хусусан, Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ташкил этилган ана шундай тадбирда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва чақирилувчиларнинг ота-оналари қатнашди.
— Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараларини кўриб, қалбимиз ғурур ва ифтихорга тўлади, — дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродов. — Бу эса пировардида миллий армиямиз нуфузи ва салоҳияти, мудофаа қудратимиз тобора юксалишига хизмат қилмоқда. Мана, биргина вилоятимиз мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида яратилган шарт-шароитларни олинг. Ҳавасга лойиқ! Тиббий комиссия хоналари энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминланган. Бу чақирилувчилар саломатлигини пухта кўрикдан ўтказишда қўл келаяпти. Қолаверса, муассасада соҳага доир ўқув-семинарлар ташкил этиш учун барча қулайлик мавжуд.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Нодир Муқимовнинг таъкидлашича, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлов асосида саралаш жараёнида уларнинг соғлиғи, жисмоний тайёргарлиги, билими ва интеллектуал салоҳияти алоҳида эътиборга олинди. Бу эса Қуролли Кучларимиз сафини ҳар жиҳатдан етук ўғлонлар билан тўлдириш имконини бераётир.
Тантанали кузатиш маросимида муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган йигитларга ота-оналар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари муваффақият тилади. Тадбир ниҳоясида юрт посбонларига эсдалик совғалари топширилди.

* * *

Навоий вилоятида ҳам йигитлар муддатли ҳарбий хизматга тантанали равишда кузатилмоқда.
Жумладан, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ўтказилган ана шундай маросимда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида миллий армиямизни ислоҳ қилиш, унинг мудофаа салоҳиятини ошириш, мамлакатимиз суверенитетини ҳимоя қилиш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг тинч ҳаётини асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.
— Фарзандлар камолини кўриш ҳар бир ота-онанинг орзуси, — дейди Хатирчи туманилик Ҳувайдо Шомуродова. — Бунда, айниқса, ҳарбий хизматнинг аҳамияти катта. Чунки у йигитларни тоблайдиган маҳорат ва матонат мактабидир. Шу боис ўғлим Зоҳиджоннинг ҳарбий касб эгаси бўлмоқчи эканидан жуда қувондик. Уни қўллаб-қувватладик. Пухта билим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиб бердик. Муддатли ҳарбий хизмат — бу мақсад рўёби йўлидаги илк қадам бўлди. Ўғлимнинг ўз йигитлик бурчини намунали ўтаб, армиядан юруғ юз билан қайтишига ишонамиз.
— Саралаш жараёни холислик ва ошкоралик асосида ташкил этилди, — дейди Кармана туманидан чақирилган Истам Асатуллаев. — Билимим ва жисмоний тайёргарлигимга ишонгандим. Шу сабабли ундан муваффақиятли ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга лойиқ, деб топилдим. Энди миллий армиямиз сафида намунали хизмат қилиб, билим ва маҳоратимни янада оширишга ҳаракат қиламан.
Тантанали кузатиш маросимида чақирилувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Ижодий жамоалар ва бадиий ҳаваскорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга янада кўтаринкилик ва файз бағишлади.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn