Эзгуликка йўғрилган ташаббус
  • 18 Февраль 2015

Эзгуликка йўғрилган ташаббус

Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббусига кўра, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган ижтимоий акция аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жойларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мазкур ижтимоий акция барча ҳудудларда бўлгани каби Самарқанд вилоятининг  шаҳар ва туманларида ҳам кенг қулоч ёйди.
— Ҳафталикни аъло даражада ўтказиш мақсадида учта гуруҳ тузилди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Гулноза Ҳожиметова. — Ҳар бир гуруҳда кардиолог, уролог, лор, невропатолог, стоматолог, травматолог, терапевт, офтальмолог каби мутахассислар жамланиб, аҳолининг турли қатлами, хусусан, уруш ва меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар, оналар ҳамда болалар кўрикдан ўтказилаяпти.
 Мутахассислар  Пастдарғом, Тайлоқ, Булунғур, Қўшработ, Жомбой, Самарқанд туманларига ташриф буюриб, мурожаат ва маслаҳат билан келган кишилар билан суҳбатлашишди. Таҳлил натижаларига қараб, беморларнинг қай бири уйида — амбулатория шароитида ёки вилоятдаги даволаш муассасаларида, бошқаси эса ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниши тушунтирилди. Сурункали  соғломлаштиришга муҳтожлар учун махсус сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди. Бундан ташқари, ҳафталик давомида кўчма дўкон орқали дори-дармонлар рецепт асосида имтиёзли (бепул) тарқатилмоқда. Масалан, биргина Пастдарғом туманида ана шундай беморларга 8 миллион сўмлик дорилар берилди.
— Бундай ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, — дейди қўшработлик меҳнат фахрийси Абдулҳаким ота Мамарасулов. — Юртимизда инсон қадри нечоғли улуғ эканлиги мана шундай тадбирлар мисолида ҳам кўзга яққол ташланиб турибди.
Саломатлик ҳафталиги доирасидаги тадбирлар Сурхондарё  вилоятида ҳам катта уюшқоқлик билан ташкил этилди.
— Пойтахтдан ташриф буюрган мутахассислар дастлаб Жарқўрғон туманидаги қишлоқ врачлик пунктларида бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун яратилган шарт-шароитлар  билан яқиндан танишдилар, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Холиёр Бакумов. — Малакали шифокорлар Сариосиё, Узун, Денов туманларида бўлиб, ёши улуғ кишилар, хотин-қизлар, болаларни кўрикдан ўтказишди.
— Ёшим 94 да, — дейди Денов шаҳрида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Умар Саидов. — Президентимизга кўпдан-кўп раҳмат. Мустақилликка эришганимиздан буён кексалар, аёллар  ва болалар саломатлиги доимо давлатимиз эътиборида.  Тошкентдан келган шифокорлар ҳаммамизни тиббий кўрикдан ўтказиб, маслаҳатлар беришди. Фуқаросини, кексаларини, аёлларини эъзозлайдиган шундай юрт яна қаерда бор?! Тажрибали шифокорлар касаллигимни бир зумда аниқлаб, ташхис қўйишди. Дори-дармон, даволанишим учун йўлланма беришди.
Бундай кенг қамровли тиббий кўрикларни вилоятнинг Шўрчи, Қумқўрғон ва бошқа туманларида ҳам ўтказиш режалаштирилган. Ўз навбатида, тадбир давомида уюштирилаётган маҳорат сабоқлари ҳудудларда фаолият юритаётган шифокорлар тажрибасини орттиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn