Атроф-муҳитни асраб-авайлаш — асосий вазифа
  • 14 Февраль 2015

Атроф-муҳитни асраб-авайлаш — асосий вазифа

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ўтган йилги фаолияти сарҳисоби ҳамда келгусидаги вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ўтган йили Ўзбекистон экологик ҳаракати ўз ваколатидан келиб чиққан ҳолда, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, соҳага оид давлат дастурлари ижросини таъминлаш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ишларига алоҳида эътибор қаратди. Республикамиз ҳудудларида 800 дан ортиқ амалий-таҳлилий тадбирлар уюштирилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир. 
Экоҳаракат ўтган йили, шунингдек, соҳага ихтисослаштирилган нодавлат нотижорат ташкилотларини бирлаштириш борасида ҳам муайян ютуқларни қўлга киритди. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирги кунда унинг таркибида 122 та экологик, 132 та тиббиёт йўналишидаги ташкилот фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон экологик ҳаракати қошида ташкил этилган “Ишонч телефони” хизматига мурожаатлар сони ортаётгани эса юртимиз аҳолисининг экологик маданияти тобора юксалиб, атроф-муҳитга бўлган муносабати ўзгараётганини англатади. Бир йил ичида мазкур хизматга  500 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, бир неча йилдирки, Экоҳаракат қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун танлов ўтказиб келмоқда. Навбатдаги экожурналистика танловига 100 нафарга яқин муаллифнинг 400 дан ортиқ ижодий ишлари тақдим қилинган эди. Мазкур ижодий ишлар Қонунчилик палатаси депутатлари, журналистлар, эколог олимлар ва экспертлар томонидан ўрганиб чиқилиб, ғолиблар аниқланди. 
Тадбирда уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn