Аҳди қатъий, шижоати юксак йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари давом этмоқда
  • 13 Февраль 2015

Аҳди қатъий, шижоати юксак йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари давом этмоқда

Ёшларни Ватанга садоқатли, фидойи, жасур ва мард инсонлар этиб камол топтиришда миллий армиямиз алоҳида ўрин тутмоқда. Ўтган давр мобайнида Қуролли Кучларимизни ташкил қилиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими шакллантирилгани, муддатли ҳарбий хизматнинг бир йил этиб белгилангани, чақирувнинг йилда бир марта ташкиллаштирилаётгани, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг жорий қилингани Қуролли Кучларимизнинг қиёфасини, унинг мудофаа салоҳиятини тубдан ўзгартирди.

Ҳарбий бўлинмаларда маънавий-ахлоқий муҳит соғломлашди, энг асосийси, жамиятимизда ҳарбий хизматга бўлган ишонч ва ҳурмат туйғуси ошди.
Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатишга бағишлаб жойларда ўтказилаётган тантанали маросимларда ана шу жиҳатлар яна бир карра эътироф этилаяпти. Жумладан, Бухоро вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ташкил этилган ана шундай тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва чақирилувчиларнинг ота-оналари қатнашди.
— Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 20 ноябрдаги “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони чақирув сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир, — дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси масъул ходими Дониёр Бақоев. — Ушбу ҳужжат асосида чақирув комиссияларининг ишида ошкоралик ва самарали жамоатчилик назорати таъминланаяпти. Кўриб турганингиздек, белгиланган танловлардан муваффақиятли ўтган йигитлардан бир гуруҳи бугун муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетмоқда.
— Болалигимда Фазлиддин тоғамни ҳарбий либосда кўриб, унга жуда ҳавасим келарди, — дейди Когон шаҳридан чақирилувчи Беҳруз Жалилов. — “Катта бўлсам, мен ҳам аскар бўламан” дердим. Ана шу иштиёқ туфайли спортнинг кураш тури билан астойдил шуғулландим. Бухоро шаҳридаги 12-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Бухоро олимпия захиралари спорт коллежида ўқиб, пухта билим олдим, жисмоний жиҳатдан чиниқдим. Юнон-рум кураши бўйича ўтказилган республика ҳамда халқаро миқёсдаги мусобақаларда совриндор бўлдим, тажриба орттирдим. Бу жиҳатлар муддатли ҳарбий хизматга бориш учун ўтказилган синовларда менга жуда қўл келди. Армияга кетаётганимдан чексиз фахрдаман. Зиммамдаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, ҳарбий касб билимларини пухта ўрганиб, билдирилган ишончни оқлайман.

* * *

Сардоба туманилик Шербек Исомиддиновнинг яқинлари, дўстларининг айтишича, у ўз олдига қўйган мақсади сари астойдил интиладиган йигит. Билимли, дунёқараши кенг, жисмонан бақувват. Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ташкил этилган муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимида Шербек билан суҳбатлашиб, биз ҳам бунга ишонч ҳосил қилдик.
— Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик туфайли ҳар бир соҳа жадал ривожланиб бораяпти, — дейди у. — Ўзбекистонимизга дунё ҳавас билан қарамоқда. Шундай экан, кексаларимиз, устозларимиз таъкидлаганидек, мана шу ёруғ кунларнинг қадрига етишимиз, уни асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшишимиз лозим. Йигитлик бурчимни аъло даражада адо этиб, келажакда эл-юртимизга нафи тегадиган комил инсон бўлиш ниятидаман.
Албатта, фарзандининг Ватанга садоқатли, жасур ва мард бўлиб улғайганини кўриш ҳар бир ота-она учун катта бахт. Тантанали маросим чоғида юз-кўзидан ана шундай ҳаяжонли онларни бошидан кечираётгани сезилиб турган кўплаб ота-оналар билан суҳбатлашдик.
— Ўғлим Бобур Мақсудалиевни муддатли ҳарбий хизматга кузатгани келдик, — дейди Гулистон шаҳрининг Мевазор маҳалласида яшовчи Расул Жўраев. — “Барча синовлардан муваффақиятли ўтдим, энди армияга бораман”, деганида шу қадар хурсанд бўлдикки, асти қўяверасиз. Шундай қатъиятли, интилувчан ўғлимиз борлигидан ғурурланамиз. Етказганига шукр. Бобуржон келажакда ҳарбийлик касбини эгаллашни мақсад қилган. Мана шу йўлда муддатли ҳарбий хизмат, шубҳасиз, унга катта мактаб вазифасини ўтаб беради.

Истам ИБРОҲИМОВ,
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn