Ватан ҳимояси — муқаддас бурч
  • 07 Февраль 2015

Ватан ҳимояси — муқаддас бурч

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу кунларда юртимизнинг барча жойларида йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Ушбу тадбирларда давлатимиз раҳбари бошчилигида миллий армиямизни ислоҳ этиш, унинг мудофаа салоҳиятини ошириш, мамлакатимиз суверенитетини ҳимоя қилиш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланаяпти.
Дарҳақиқат, Қуролли Кучларимиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ҳамда матонат мактабига айланди. Ўз навбатида, ўғлонларимизнинг ҳарбий хизматга қизиқиш ва интилиши тобора  кучайиб бораётир.
Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида бўлиб ўтган кузатиш маросимида ҳам ана шу жиҳатлар яққол ифодасини топди. Бу ерда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари, чақирилувчиларнинг ота-оналари жам бўлишди.
— Ҳарбий либос кийиш — ўғлим Дилмуроднинг болалик орзуси эди, — дейди Гурлан туманининг Олға қишлоғидан келган Ҳафиза Ражабова. — Мана, бугун фарзандимнинг қувончи, ўзига бўлган қатъий ишончини кўриб ғуруримга ғурур қўшилди. Унинг Қуролли Кучларимиз сафида ўз йигитлик бурчини намунали ўтаб, маънан ва жисмонан етук инсон бўлиб қайтишига ишонаман.
Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан ёшлар камолотига қаратилаётган юксак эътибор туфайли ҳарбий хизматнинг нуфузи тобора юксалиб бораётганини, миллий армиямиз сафида хизмат қилиш мард ва жасур ўғлонларимизнинг олий мақсадларидан бирига, чинакам шон-шараф ишига айланганини таъкидладилар.
— Синов ва танловлардан муваффақиятли ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга кетаётганимдан хурсандман, — дейди Хонқа туманилик Авазмат Авазматов. — Спорт билан мунтазам шуғулланганим, мактаб ва коллежда фанларни пухта ўзлаштирганим жуда қўл келди. Мақсадим бурчимни намунали ўтаб, юртимизга муносиб ўғлон бўлиш, ота-онам, яқинларим, устозларимнинг ишончини оқлашдир. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада файз киритди.

* * *
Фарғона вилоятида ҳам Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги қарорида белгиланган вазифалар ижроси изчил таъминланмоқда.
Хусусан, мазкур ҳужжат асосида куни кеча вилоят марказидаги “Марғилонсой” тантаналар саройида йигитларни Қуролли Кучларимиз сафига кузатиш маросими ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирилувчиларнинг ота-оналари қатнашди.
— Қўқон автотранспорт касб-ҳунар коллежини тамомлаганман, — дейди Бувайда туманилик чақирилувчи Абдуллажон Абдураҳмонов. — Оилада икки ўғилмиз. Ота-онамиз иккимизнинг ҳам ҳарбийлик касбини танлаб, Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга масъул инсонлар бўлиб камол топишимизни орзу қилишади. Бу касбга ҳавас ва иштиёқ болалигимиздан уйғонган. Шу боис муддатли ҳарбий хизматдан сўнг шартнома асосида ҳарбий хизматни ўташ ва Сержантлар тайёрлаш мактабида таҳсил олиш ниятим бор. Укам ҳам тайёргарликни ҳозирданоқ бошлади. Ўқиш ва спорт билан астойдил шуғулланмоқда.
Миллий меъморчилик анъаналари асосида қад ростлаган кошонада аскар йигитларга байрамона дастурхон атрофида эсдалик совғалари топширилди. Вилоят санъаткорлари ижросида янграган дилбар қўшиқ ва тароналар барчага хушнудлик улашди.


Ойбек РАҲИМОВ,
Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn