Эзгу мақсадлар йўлидаги самарали фаолият хотин-қизларнинг мамлакатимиз тараққиётидаги иштирокида ўз ифодасини топмоқда
  • 05 Февраль 2015

Эзгу мақсадлар йўлидаги самарали фаолият хотин-қизларнинг мамлакатимиз тараққиётидаги иштирокида ўз ифодасини топмоқда

Ҳар қайси миллатнинг маънавий камолоти жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади. Шу маънода, мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ Президентимиз раҳнамолигида аёлни эъзозлаш, сиҳат-саломатлигини асраш, оғирини енгил қилиш, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, ёш оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, юртимизда қабул қилинган саксонга яқин фармон ва қарорлар, давлат дастурлари хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини оширишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташкил этилиши мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги мавқеи юксалмоқда
Дарҳақиқат, хотин-қизларнинг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеи, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги фаоллиги тобора ортиб бораяпти. Эсласак, авваллари фақат бола тарбияси, уй-рўзғор ташвишлари билан банд бўлган аёлларимиз эндиликда ҳаётимизнинг турли жабҳаларида улкан ютуқларга эришмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда меҳнатга лаёқатли бўлган хотин-қизларнинг 62 фоиздан зиёди ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасида самарали меҳнат қилаяпти. Умумий ўрта таълим мактаблари ходимларининг 70 фоизга яқинини, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар тизимида қарийб 50 фоизини, молия ва кредитлаш соҳасида меҳнат қилаётган мутахассисларнинг 43 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Шунингдек, олий ўқув юртларида фаолият юритаётганларнинг 43 фоизи аёл профессор-ўқитувчилардир. Соғлиқни сақлаш соҳасида эса тиббий хизматчиларнинг 78 фоизи хотин-қизлар бўлиб, уларнинг салкам 53 фоизи врач аёллар ҳисобланади.
Хотин-қизларимиз мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга ҳам муносиб улуш қўшмоқда. Юзлаб аёллар сиёсий партиялар, маҳаллий вакиллик ва ижро органларида, нодавлат ташкилотлар тизимида самарали фаолият олиб бораётир. Муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирларда фаол қатнашаяпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган охирги сайлов бунинг яққол далилидир. Мазкур сиёсий жараённи кузатган халқаро экспертлар юртимизда аёлларга қаратилаётган эътиборни юксак баҳолашди.
— Ўзбекистонга 2013 йилда “Аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий, маданий ҳаётидаги тўлақонли иштирокини кенгайтириш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида ташкил этилган халқаро конференцияга келгандим, — дейди АҚШ Аёллар ташкилотлари миллий кенгаши раиси, Аёллар таълими бўйича тадқиқот институти президенти Сьюзан Сканлан. — Очиғи, ўшанда юртингизда аҳоли ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар мени ҳайратда қолдирган эди. Нафақат гуманитар, балки иқтисодий соҳада, фан-таълимда аёлларингиз эришаётган муваффақиятлар таҳсинга сазовор. Бизда бу борадаги кўрсаткичлар кам фоизни ташкил этади. Мен бутун ҳаётимни аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга бағишлаганман. Юртингиздан хотин-қизлар масаласида ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар кўп. Келгусида бу бўйича илмий тадқиқот олиб бориш ниятидаман.

Турмуш фаровонлигининг муҳим омили
Аёлларни тадбиркорлик соҳасига жалб қилиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлашни ўтган даврда амалга оширилган муҳим ишлардан бири сифатида қайд этиш жоиз. Чунончи, ўтган йилда камида 50 фоиз ишчи-хизматчилари хотин-қизлардан иборат бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан 770 миллиард сўмлик кредитлар ажратилгани бунинг амалий тасдиғидир. Юртимизда, шу жумладан, чекка қишлоқларда гўзаллик салонлари, таъмирлаш ва тикув цехлари, маиший техникаларни тузатиш шохобчаларидан иборат 150 дан ортиқ хизмат кўрсатиш комплекси барпо қилингани аҳоли турмуш даражасини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Аҳоли, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи аёллар турмуш даражасини янада яхшилаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тадбиркор аёлларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқармоқда. Хусусан, 2014 йили “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танловида ғолиб бўлган 14 нафар аёлнинг ижтимоий аҳамиятга молик бизнес лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга 2 миллиард 215 миллион сўм кредит маблағлари берилди.
— Бугун биз каби ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган аёллар сони тобора ортиб бормоқда, — дейди жиззахлик тадбиркор Гулнора Қосимова. — Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, мебель ишлаб чиқаришга оид лойиҳамни амалга ошириш учун тижорат банки томонидан 70 миллион сўм кредит ажратилди. Бундан самарали фойдаланган ҳолда корхонамизда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, замонавий мебель жиҳозлари тайёрлашни йўлга қўйдик. Маҳсулотларимиз хорижникидан асло қолишмайди. Оддий қишлоқ аёли сифатида эришаётган бундай ютуқларимиз замирида Президентимизнинг бизларга билдираётган катта ишончи мужассам, десам, асло муболаға бўлмайди.
Ўз навбатида, Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ҳудудларда аёлларни тадбиркорликка ўқитиш ва уларда корхонани самарали юритиш кўникмаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар минглаб қизларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, 2014 йили касб-ҳунар коллежлари битирувчилари орасидан тадбиркорликка интилаётган йигит-қизларга 170 миллиард 700 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Шундан 59,8 миллиард сўми айнан қизларнинг тадбиркорлик фаолиятига йўналтирилгани эътиборга моликдир.

Соғлом ва аҳил оила меваси
Фарзандларимизни соғлом ва баркамол этиб вояга етказишда оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, хотин-қизларни турли касалликлардан ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қайд этганидек, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг энг муҳим устувор вазифаларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан, Хотин-қизлар қўмитаси бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аёллар саломатлигига эътиборни кучайтириш, ёшлар ўртасида соғлом оила қуриш, фарзандлар тарбияси бўйича тизимли асосда тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Ўтган йилда 6 миллион 500 минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгани бунинг амалий ифодасидир. ҚВП ва оилавий поликлиникаларда “Нуронийлар куни”, “Болалар ва ўсмирлар куни”, “Хонадон ва экология куни”, “Аёллар ва қизлар куни”, “Ўқув муассасалари куни” жорий қилингани мазкур даргоҳларнинг тиббий маданиятни тарғиб этиш, шифокор ва ҳамшираларнинг оилалар билан ишлашдаги масъулиятини оширишга хизмат қилаяпти.
“Соғлом она — соғлом бола” лойиҳаси доирасида жами 13 миллион 600 мингдан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилгани бу йўлдаги катта қадам бўлди.
Қисқача айтганда, мустақиллик йилларида юртимизни ҳар томонлама равнақ топтириш, тинчлик-осойишталикни сақлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришда хотин-қизларимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Бунинг учун мамлакатимизда барча ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратилгани ўзбек аёлларининг ўз салоҳияти ва имкониятларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришларида муҳим омил бўлаётир. Президентимиз 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригида ўзининг гўзаллиги ва фидойилиги, меҳнаткашлиги ва бағрикенглиги билан юртимиз аёлларига тенг келадиган аёллар дунёда камдан-кам топилади, дея алоҳида таъкидлагани мамлакатимизда уларнинг қадри юксак, азиз ва муҳтарам эканлигининг амалий тасдиғидир.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn