Таянчимиз, ғурур ва ифтихоримиз
  • 04 Февраль 2015

Таянчимиз, ғурур ва ифтихоримиз

Ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир.

Ўғил-қизларимизнинг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш озод ва обод Ватанимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг асосига айланган. Бунинг замирида Президентимиз Ислом Каримовнинг истиқлол фарзандларига бўлган чексиз ғамхўрлиги, оталарча меҳри мужассам.
Бугун ҳаммамиз кўриб, билиб, англаб турганимиздек, тараққиётнинг “ўзбек модели” туфайли барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам юксак муваффақиятларга эришилмоқда, асрларга татигулик ютуқлар қўлга киритилаяпти. Мамлакатимизда халқимизнинг бой маданий, тарихий ва маънавий қадриятлари, халқаро илғор тажрибалар инобатга олингани ҳолда, замоннинг қатъий талаблари, жамият ҳамда шахснинг келажакдаги эҳтиёжига жавоб берадиган узлуксиз таълим тизими ташкил этилди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури каби ҳужжатлар, халқаро экспертларнинг фикрича, муҳимлиги, ягоналиги ва кенг қамровлилиги жиҳатидан алоҳида ажралиб туради.
Айни пайтда юртимизда ҳар қадамда мазкур йўналишдаги ислоҳотлар натижасини кўриш мумкин. Шаҳару қишлоқларда замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, мебеллар билан таъминланган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари қурилди. Ана шундай кўркам таълим муассасалари ҳақида давлатимиз раҳбари 2014 йил май ойида Самарқандда ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда шундай дедилар: “Мен сизларнинг ана шу лицей ва коллежларни — бу Самарқандда бўладими, Тошкентда бўладими, олис шаҳар ва туманларда бўладими — ана шу ўқув юртларини албатта бориб кўришингизни истардим.
Бу коллежлар энг юксак замонавий талаблар асосида бунёд этилган ва барча жиҳозлар билан таъминланган. Биз энг замонавий меъморчилик лойиҳалари асосида 1500 та ана шундай коллеж ва лицейлар барпо этдик. Илгари хорижлик меҳмонларга экзотика намуналарини кўрсатардик. Бугун эса уларга болаларимиз қандай ўқиётгани, уларга қандай замонавий шароитларда билим бераётганимизни, қандай авлод вояга етаётганини кўринг, деймиз. Яна шуни таъкидламоқчиманки, ушбу коллежларда таҳсил олаётган ёшларимиз икки-уч мутахассисликка эга бўлиш билан бирга, хорижий тилларни, аксарият ҳолларда инглиз тилини ўрганмоқда”.
Айтиш жоизки, бошқа нуфузли анжуманларда бўлганидек, мазкур халқаро конференцияда ҳам хорижлик экспертлар ва мутахассислар мамлакатимизда олиб борилаётган таълимдаги янгиланишларга юксак баҳо берди. Жумладан, Араб очиқ университети узлуксиз таълим маркази бош директори (Кувайт) Фахад ал-Мекрад ўз мулоҳазаларини билдириб, шундай деган эди: “Шаҳар ва қишлоқларингиздаги кўплаб таълим муассасалари учун барпо этилаётган замонавий иншоотлар, уларнинг тўла-тўкис жиҳозлар билан таъминлангани, ўқувчилару ўқитувчиларга яратиб берилаётган шарт-шароитларга ҳавас қилмасликнинг иложи йўқ”.
Чет элдан келувчи меҳмонлар ва мутахассисларни ҳайратлантираётган яна бир жиҳат шундаки, истиқлол йилларида нафақат ўқув масканлари янгиланди, балки  миллий таълим стандартлари ҳамда янги авлод ўқув адабиётлари яратилди. Қолаверса, ўқитувчининг мавқеи ортиб бормоқда. Давлат томонидан умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари қўллаб-қувватланиб, уларга ҳақ тўлаш тизими такомиллаштирилди,  ишлаб чиқариш таълими усталарининг иш ҳақлари ўқитувчилар маошига тенглаштирилди. Хусусан, сўнгги беш йилда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ойлик иш ҳақи қарийб 4 баравар оширилди.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими — Миллий таълим моделининг ўта муҳим қисми ҳисобланади. Таълимнинг ушбу тури ёшларимизнинг ижтимоий ва касбий шаклланишида (ўз-ўзини англашда) ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Булардан энг асосийлари шуки, умумий ўрта таълим олган барча битирувчилар тўлиқ бепул ўрта махсус, касб-ҳунар таълими билан қамраб олинади. Ўқувчиларга таълим йўналишини ўз хоҳиш ва қобилиятларига мувофиқ танлаш ҳамда ўзлари истаган касблари бўйича бир ёки бир нечта ихтисосликка эга бўлиш имконияти яратилди.
Эътибор беринг, 1998 — 2014 йиллар мобайнида республикамизда ўзининг миллий меъморчилик ечимини топган, моддий-техник таъминоти томонидан олий таълим муассасалари ва хорижий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканларидан қолишмайдиган 1555 та янги типдаги таълим муассасаси, шундан — 143 та академик лицей, 1412 та  касб-ҳунар коллежи, қолаверса, 28 та касб-ҳунар коллежининг филиаллари барпо этилди. Замонавий ўқув-лаборатория, компьютер ва ишлаб чиқариш жиҳозлари, ўқув техникалар билан таъминланган касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларга нафақат назарий билимларни бойитиш, балки амалий кўникмаларни шакллантириш имконияти ҳам яратилди.
1998 — 2012 йилларда таълим муассасаларини қуриш ва реконструкция қилишга давлат томонидан 2703,0 млрд. ҳамда 2013 йилда 117,0 млрд ва 2014 йилда 135 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам доимий эътиборда. 1998 — 2014 йилларда ушбу мақсад учун бюджет ҳисобидан 241,0 млрд. сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Чет тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган фан хоналарини мультимедиа жиҳозлари ва ахборот-коммуникация воситалари билан таъминлаш учун жами 63,0 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда.
Бюджет маблағларининг 20,0 млрд. сўмдан ортиғи ҳисобига 1616 номдаги янги авлод ўқув адабиётларининг 7 млн. адади тайёрланди ва жойларга етказиб берилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан 131 номдаги электрон дарсликлар ҳам ишлаб чиқилди.
Узлуксиз таълим тизими учун чет (инглиз, немис, француз) тилларни ўрганиш ва ўзлаштириш бўйича халқаро меъёрларни инобатга олган ҳолда, Буюк Британия, Германия ва Франция экспертлари иштирокида янги Давлат таълим стандартлари, ўқув-режа ҳамда дастурлар, ўқув-методик мажмуалар ишлаб чиқилди
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари “ZiyoNET” ахборот порталига уланган, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари 70 мингга яқин компьютер жамламалари билан таъминланган. Бу биринчи академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ташкил этилган даврдагидан 33 маротаба кўпдир.
Коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасида  ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳар йили яратилаётган иш ўринлари дастурларини ишлаб чиқишда ёшларбоп иш ўринларини шакллантиришга эътибор қаратилаётганлиги ўз самарасини бермоқда. 2013/2014 ўқув йилида 1394 касб-ҳунар коллежида республикамиз иқтисодиёти тармоқлари учун 495 минг нафардан зиёд мутахассис тайёрланди. Уларнинг амалиётларини самарали ўтказиш ва кейинчалик бандлигини таъминлаш мақсадида 170 мингга яқин корхона ҳамда ташкилотлар билан уч томонлама шартномалар имзоланди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида республика тижорат банклари томонидан 18 минг нафардан ортиқ ўғил-қизларга қарийб 200 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Ўқувчиларни ўз бизнесларини йўлга қўйишлари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларига йўналтириш мақсадида ҳар бир касб бўйича 80 соатлик тадбиркорлик ҳамда бизнес асослари фани ўқитилиши йўлга қўйилди. Мазкур фан орқали таълим муассасаларида тижорат банклари, давлат солиқ идоралари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўқувчиларга тадбиркорлик билан шуғулланиш, бизнес режаларини тузиш бўйича маслаҳатлар берилмоқда.
Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор туфайли ўғил-қизларимиз катта ютуқларга эришаяпти. Чунончи, адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштироки учун 2014 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан 10 нафар энг иқтидорли ўқувчи қиз тақдирланди. Ўтган даврда тизимимизда жами 87 нафар қизимиз ушбу юксак Давлат мукофотига муносиб кўрилганлиги ғоят қувончлидир.
2014 йилда анъанавий равишда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг умумтаълим фанларидан Республика олимпиадаси ўтказилди. Олимпиаданинг III вилоят босқичида ғолиб чиққан 418 нафар ўқувчи якуний босқичда иштирок этиб, уларнинг 37 нафари ғолиб бўлди ва давлатимиз томонидан кафолатланган олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда, тест синовларисиз ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритди.
2000 — 2014 йиллар мобайнида Халқаро фан олимпиадаларида 220 нафар умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари қатнашди. Улардан 6 таси олтин, 28 таси кумуш ва 65 таси бронза медалларни қўлга киритди. Юртимиз довруғига довруқ қўшиб, медаллар соҳибига айланганлар ҳам олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда, тест синовларисиз ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлишди.
2013 йилда Тошкент шаҳрида 47-халқаро Менделеев олимпиадаси юқори даражада ўтказилди. Ушбу олимпиадада 17 та давлатдан 117 нафар ўқувчи, 24 нафар жамоа раҳбари, 4 нафар халқаро ташкилий қўмита, 19 нафар халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда 20 нафар миллий экспертлар — жами 184 киши иштирок этди. Халқаро Менделеев олимпиадаси тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланган ушбу беллашувда Ўзбекистон жамоаси аъзолари жами 15 та, жумладан, 2 та олтин, 5 та кумуш ва 8 та бронза медалини қўлга киритди. Бу, Ўзбекистон жамоасининг Халқаро Менделеев олимпиадасида иштирок этган давридаги  энг юқори натижасидир. 2013 йил июль ойида кимё фани бўйича бўлиб ўтган 45-халқаро олимпиадада ўқувчиларимиз битта олтин ва иккита бронза медали билан тақдирланди.
Мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларидан келиб чиқиб жорий қилинган уч босқичли спорт ўйинлари тизими — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ёш авлодни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг спортга қизиқишини, миллий ғурур ва ифтихор туйғусини ошириш борасида беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Мухтасар айтганда, келажакни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат ва ёшларга кўрсатилаётган беқиёс эътиборни бугун нафақат соҳа ходимлари, балки кенг жамоатчилик, ота-оналар ҳам чуқур ҳис қилмоқда. Зеро, Президентимиз ишончини оқлаш, ёшларни жонажон Ватаннинг чароғон истиқболига муносиб тарзда баркамол инсон қилиб тарбиялаш улуғвор мақсадимиздир.

Зайниддин ХУДАЙБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори ўринбосари,
иқтисод фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қуёшдан қувват олади Қисқа сатрларда »