Ёшлар билан очиқ мулоқот
  • 19 Февраль 2014

Ёшлар билан очиқ мулоқот

Самарқанд вилоятида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ЁИҲ ҳамда Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги бир қатор олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари билан ўтказилган “Иқтидорли ёшлар — қудратли мамлакат таянчи” шиори остидаги очиқ мулоқотларда вилоятнинг турли ҳудудларидан таклиф қилинган навқирон авлод вакиллари иштирок этди. Улар дастлаб Самарқанд автомобиль заводи фаолияти, жумладан, бу ердаги шарт-шароитлар, “Устоз — шогирд” анъанаси асосида коллеж битирувчиларига касб ўргатиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
— Бундай учрашувлар тенгдошларимизга бўлажак иш жойларини аниқлаб олишларида қўл келмоқда, — дейди Самарқанд автомобилсозлик коллежи ўқувчиси Жавоҳир Ражабов. — Ўзим мисолимда айтсам, таълим жараёнида амалиётни ушбу заводда ўтадим. Коллежни тамомлаганимдан сўнг шу ерда ишламоқчиман.
Шунингдек, тадбир доирасида ташкил этилган иш берувчилар ва коллеж битирувчилари ўртасидаги амалий келишувлар томонлар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди. Якунда 30 нафар йигит-қизга келгусида ишга жойлашишлари кафолатини берувчи сертификатлар топширилди. Айниқса, ёшларнинг саноат, хизмат кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган бизнес лойиҳалари тақдимоти жўшқин тус олди.
Кейинги йилларда вилоятда ёшларнинг, хусусан, коллеж битирувчиларининг ишбилармонлик фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина ўтган йилда ушбу мақсадлар учун 18,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Якунда ёшларнинг жамиятда фаоллигини оширишга ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай тадбирларни вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида мунтазам ўтказиш борасида махсус дастур қабул қилинди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn