Долзарб вазифалар ижросига бағишланди
  • 31 Январь 2015

Долзарб вазифалар ижросига бағишланди

САМАРҚАНД. Шу кунларда республикамизда 2014 йил якунлари ва 2015 йилда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Вилоят ҳокими З. Мирзаев бошқарган йиғилишда алоҳида таъкидланганидек, ўтган йили ҳудуд иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Жумладан, қишлоқ хўжалигида 7, қурилиш-пудрат ишларида 11, чакана савдо айланмасида 15, жами хизматларда 22 ва пуллик хизматлар кўрсатишда 18 фоиз ўсишга эришилди. Тармоқ ва корхоналарни модернизация қилиш, технологик қайта жиҳозлаш учун ўзлаштирилган бир трлн. 139 млрд. сўмлик инвестициялар саноатнинг 15,7 фоиз ўсишига замин яратди.
Йиғилишда аҳолининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш мақсадида 81 қорамолчилик, 42 та паррандачилик, 43 та балиқчилик ва 56 та асаларичилик хўжаликлари ташкил қилиниб, маҳсулот ишлаб чиқариш 12-15 фоиз ошгани алоҳида айтиб ўтилди. Ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажми 152,7 млн. долларга етиб, режа 5,2 фоиз ортиғи билан бажарилди.
Кичик бизнесга ажратилган кредитлар миқдори 713 млрд. сўмдан иборат бўлиб, ўтган йилнинг ўзида 1919 та кичик бизнес субъекти ишга туширилди ва бу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 8,6 фоиз ошди.
Тадбирда 2015 йилда инвестицияларни ўзлаштириш, енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, фармацевтика саноати каби соҳаларни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб олинди. 
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

НАВОИЙ. Бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида вилоят ҳокими Э. Турдимов қайд этганидек, 2014 йили барча соҳада ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар амалга оширилиши туфайли ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 4 фоиз ўсиши таъминланди. Корхоналар қўллаб-қувватланиши натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,8 фоиз, истеъмол товарлари эса 5,1 фоиз ўсди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 7, чакана савдо айланмаси 15,3, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 14,9, пудрат ишлари 8,4 фоиз ошди. Қолаверса, 47 турдаги тайёр маҳсулот экспорти йўлга қўйилиб, жами экспорт ҳажми 460,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Вилоят иқтисодиёти етакчи тармоқларида юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган, умумий қиймати 27,1 миллиард сўмлик йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Йилига 600 минг кв.м. гилам ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Ишонч гилам” қўшма корхонаси, 9 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга “Бахт текстиль” ҳамда 5,4 минг тонна калава ип ишлаб чиқарувчи “Навбаҳор текстиль” корхоналари шулар жумласидандир.
Вилоятнинг саноат салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, 231 ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Бунинг натижасида 6,1 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. Кўрилган агротехник чора-тадбирлар туфайли 4,8 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 3,1, бошоқли дон экинлари эса 12,2 центнер ошди.
Фаоллар йиғилишида йил давомида йўл қўйилган айрим камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, 2015 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари F. Ибрагимов сўзга чиқди.

ХОРАЗМ. Вилоят ҳокими П. Бобожонов бошқарган йиғилишда ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11,7 фоиз ошгани ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самараси сифатида эътироф этилди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 47,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда 6,8, қурилиш ишларида 13,1, чакана савдо айланмасида 9,3, жами хизматларда 16,4 фоиз ўсишга эришилди.
Ҳисобот даврида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида жами 665,3 миллиард сўм миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилиб, 1 минг 586 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. 2013 — 2015 йилларда Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига асосан, сўнгги икки йилда 262 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Натижада истеъмол бозорига саноат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 2008 йилдагига нисбатан 2,3 марта ошди.
Соғлом бола йилида вилоятда 60,6 мингта иш ўрни ташкил этилган бўлиб, унинг 87 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келади. Айниқса, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларининг 28,1 минг нафардан зиёд битирувчилари ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашгани диққатга сазовордир.
Якунда вилоятда саноат салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Хоразм вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов  иштирок этди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Азамат  ЗАРИПОВ,
Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn