Қўшимча даромад манбаи
  • 30 Январь 2015

Қўшимча даромад манбаи

Кечагидек ёдимда. Истиқлолга қадар отамнинг ҳовлисида уч ака-ука оиламиз билан бирга яшардик. Рости, бирор-бир ғавғосиз куннинг ўзи йўқ эди. Ишдан қайтганимизда, албатта, қайсидир келиннинг қовоғи осилган бўларди.

Давлатимиз раҳбарига мингдан-минг раҳмат, халқимиз келажагини ўйлаб, қишлоқда яшаётган ҳар бир оилага томорқа участкаси учун 8-10 сотихдан суғориладиган ер ажратиб берди.
Хусусан, биз ўзимизга берилган ерда иссиқхона бунёд этдик. Лимон кўчатлари экиб, улар ҳосилга киргунга қадар уч йил давомида помидор ва бодринг ҳам етиштирдик. Бугунги кунда эса йилига 10-12 миллион сўмлик лимон сотаяпмиз.
Ҳақиқатан ҳам, томорқа нафақат қўшимча даромад манбаи, балки унинг фарзандлар тарбиясидаги роли ҳам бебаҳодир. Болаларимиз ҳалол меҳнат билан яшашни ўрганишмоқда. Ота-онанинг қадрига етадиган бўлиб улғайишаяпти.
Ўтган йили томорқамиздан олинган даромад ҳисобидан ўғлимга пишиқ ғиштдан уч хонали уй қуриб бердик. Ўғлим Суннатнинг шартнома асосида Тошкент ахборот технологиялари университетида
4 йил давомида таълим олишида ҳам томорқанинг ҳиссаси катта бўлди, албатта.
Шулар ҳақида фикр юритганимда, чўпни қадасанг, дарахт битадиган шундай табаррук заминда яшаётганимиздан ғурур ва ифтихорга тўлиб, элпарвар Юртбошимиз борлигига шукроналар айтаман.


Баҳром ШОДИЕВ,
тадбиркор.
Денов тумани.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn