Обод манзиллар таровати
  • 29 Январь 2015

Обод манзиллар таровати

“Қулай, шинам ва замонавий”. Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган тураржойларга ана шундай таъриф берилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, улар нафақат ташқи кўриниши, балки одамларга яратилган шарт-шароитлари билан ҳам ҳамманинг ҳавасини келтирмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бошланган мазкур эзгу ташаббус эндиликда юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзмоқда.
Миллий ва замонавий архитектура ечимларини ўзида мужассамлаштирган бундай иморатлар барчанинг ҳавасини келтираяпти. Айниқса, камдан-кам давлатлардагина учрайдиган ана шу бинокорлик тажрибаси чет эллик эксперт ва мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланаётгани диққатга сазовордир. Бунга мисол сифатида 2013 йилнинг апрель ойида юртимизда бўлиб ўтган “Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуида ўтказилган конференцияни қайд этиш ўринли. Чунки унда олтмишдан зиёд давлатдан 300 нафардан ортиқ олим, мутахассис ва экспертлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этиб, янги мавзеларда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароити билан бевосита танишдилар. Қишлоқларимизда юз бераётган ўзгаришлар одамларнинг онгу шуурини, дунёқарашини ўзгартириб, эртанги кунга ишончини тобора мустаҳкамлаётганига гувоҳ бўлдилар. Бу, албатта, халқимиз ҳеч кимдан кам бўлмай турмуш кечираётгани, мустақил Ўзбекистон ўзи танлаган йўлдан шахдам қадам ташлаб, барқарор ривожланаётганидан далолатдир.
Маълумки, ҳар қандай бино ва иншоотнинг қурилишида унинг меъморий ечими муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 17 июнда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамизда “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” институти мутахассислари уч, тўрт ва беш хонадан иборат бир қаватли тураржойларнинг янги лойиҳаларини тайёрлагани айни муддао бўлди. Гап шундаки, уларда ҳудудларнинг иқлими, об-ҳаво шароити ҳамда  рельефи сингари ҳаётий омиллар инобатга олинган ҳолда, уйларнинг умумий майдони, хоналар ва  гараж қисмига ўзгартишлар киритилди.
Бундай янгиликлар, шунингдек, иситиш, газ ва сув таъминоти тизимида ҳам қўлланилди. Уй-жойларни тиклашда эса асосий эътибор маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга қаратилди. Буларнинг бари пировардида нафақат қурилиш жараёнини намунали ташкил этиш, ишни тез ва сифатли бажаришга, балки  қишлоқларимизнинг шаҳардагидек кўркам қиёфа касб этишига туртки берди. Биргина ўтган йилнинг ўзида намунавий лойиҳалар асосида 11 мингта қулай, шинам ва замонавий уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилгани эса юртдошларимизга олам-олам қувонч бахш этди.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, кўплаб ривожланган давлатларда оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда яшашини, бизда мустақиллик йилларида уй-жой фондининг умумий майдони 1,9 баробар ошганини инобатга олсак, бу тадбирнинг нечоғли муҳим эканлигини англаш қийин эмас.
Эътиборли жиҳати, юртдошларимиз, шу жумладан, қишлоқларда яшовчи одамларнинг  бахтли ва фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, жорий йилда 292 та қишлоқ массивида 12 мингта намунали уй-жой қуриш режалаштирилган. Уларда замонавий инфратузилмани яратиш мақсадида 283,9 километрлик газ, 277,4 километрлик ичимлик суви, 273,5 километрлик электр энергияси тармоқлари тортилиб, 244,4 километрлик ички йўллар ҳамда 169 та турли ижтимоий объект бинолари бунёд қилинади. Бунинг учун эса зарур қурилиш материаллари пудрат ташкилотларига марказлашган ҳолда, имтиёзли нархларда етказиб берилади.
Мухтасар айтганда, озод юртимизнинг обод гўшалари йил сайин кўпайиб, халқимиз турмуши янада фаровон бўлишига хизмат қилмоқда. Зеро, соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади  инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашдан иборатдир.

Бекмурод ДУШАНОВ,
«Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясининг бўлим бошлиғи.

Имтиёз ва рағбат
Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган тураржойлар ўзининг сифати, меъморий ечими, молиявий енгилликлари, уй эгаларига берилаётган имтиёзлари  билан барчага маъқул тушмоқда.
Бу, аввало, уй-жойлар қурилиши учун ажратиладиган кредитлар 15 йилгача муддатга берилишида яққол намоён бўлаётир. Қолаверса, фуқаролар манфаатларидан келиб чиқиб, мазкур йўналишда ҳар йили турли янгиликлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Масалан, Президентимизнинг 2012 йил 11 январдаги қарорига кўра, якка тартибда иморат қурувчига ер участкасини ажратиш туман ҳокимининг қарори билан “Кимошди” савдоси ўтказилмасдан туриб, умрбод мерос қилиб қолдириладиган мулк тарзида расмийлаштириб берилиши қайд этилган бўлса, 2013 йил 4 январдаги қарорига биноан, бундай уй-жойларни сотиб олган жисмоний шахслар, улар томонидан ипотека кредитлари тўлиқ қоплангунгача мулк солиғи тўлашдан озод қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддасига мувофиқ, уй эгаларининг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши учун ажратилган имтиёзли ипотека кредитларини ва ушбу кредитлар учун ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган қисмидан даромад солиғи олинмайди.
Жорий йилдан бошлаб эса, яна бир енгиллик амалиётга киритилди. Яъни Давлат дастури бўйича намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар учун аҳолига ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитларини қайтариш юзасидан ўрнатилган 1 йиллик имтиёзли давр 3 йилгача узайтирилди.
Бундан ташқари, тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриладиган массивларда сув таъминоти иншоотларини қуриш республика бюджети маблағлари, транспорт-коммуникацияси ва ташқи муҳандислик тармоқлари объектлари қурилиши мутасадди ташкилотлар, ижтимоий ва бозор инфратузилма объектлари қурилиши эса маҳаллий бюджет, тижорат банклари кредитлари, инвесторлар ҳамда ҳомийлар ҳисобидан молиялаштирилаётгани, ўз навбатида, янги тураржойларнинг белгиланган вақтда фойдаланишга топширилишида қўл келаяпти. 

Зулайҳо ЖЎРАЕВА,
акциядорлик тижорат «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Қишлоқ қурилишини кредитлаш департаменти бошлиғи.

Фаровон турмуш завқи
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан намунавий лойиҳалар асосида тураржойлар қурилиши, очиғи, қишлоқ аҳолисининг кўнглидаги иш бўлаяпти. Буни ўтган йили Тўрақўрғон туманидаги Янги Ахсикент массивида бунёд қилинган ана шу уйлардан бирига кўчиб кирган оиламизнинг ҳар бир аъзоси янада чуқурроқ ҳис этди. Нега деганда, биз яшаётган хонадонларда худди шаҳардагидек барча шарт-шароит муҳайё. Меҳмонхона, ётоқхона ва болалар хонасидан ташқари,  фарзандлар тарбияси учун ҳам, меҳмон кутиш ёки бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун ҳам қулайликлар яратилган. Замонавий ошхона, ичимлик суви, табиий газ, мўъжазгина ҳаммомни жоннинг роҳати, десак, томорқамиз эса қўшимча даромад манбаидир.
Массивдаги бошланғич мактаб биноси, болалар спорт майдончаси фарзандларимизнинг пухта билим олиши, соғлом вояга етишига хизмат қилаётган бўлса, турли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари халқимиз турмуши фаровонлигини таъминламоқда.
Мамлакатимизда аҳолига бу даражада ғамхўрлик кўрсатилаётгани, табиийки, юртдошларимиз қалбида чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотиб, уларнинг дунёқарашини ўзгартирган ҳолда, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаяпти.

Ҳусанбой САМИЕВ,
янги уй соҳиби.
Наманган вилояти

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эътибор ва эҳтиром ифодаси Эзгулик меваси »