Эътибор ва эҳтиром ифодаси
Версия для печати
  • 29 Январь 2015

Эътибор ва эҳтиром ифодаси

Республика Хотин-қизлар қўмитасида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва шоира ижодига бағишланган махсус веб-сайтни такомиллаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби маънавий-маърифий соҳаларда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Хусусан, боқий қадриятлар, миллий адабиётимизда ўчмас из қолдирган ижодкорларнинг бадиий меросини ўрганиш ва уларни халқимиз, ёшларимиз онгу шуурига сингдириш йўлида эзгу ишлар олиб борилаяпти.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан эса тегишли вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кенг қамровли тадбирлар амалга оширилаяпти. 
Жумладан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан шоира узоқ йиллар фаолият кўрсатган “Саодат” журнали қошида “Зулфияхоним мактаби” тўгараги ташкил этилди. Унда Зулфияхонимнинг нафақат шоира, балки публицист сифатидаги ибратли фаолияти, бой тажрибаси ёшларимизга ўргатиб борилаётир. Шунингдек, республикамиз театрларида шоиранинг “Хотирам синиқлари” достони асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш қилинмоқда. Ижодкорнинг “Сайланма”си ҳамда “Зулфия замондошлари хотирасида” китоби ва шоиранинг бошқа асарлари нашрга тайёрланаяпти. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумтаълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда таниқли адиб ва шоирлар, фан ва маданият намояндалари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирокида қатор учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилаётир.
Шу билан бирга, Zulfiyaxonim.uz сайтини такомиллаштиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Мазкур сайтда шоиранинг ҳаёт ва ижод йўли, унинг сиймоси акс этган суратлар ҳамда ҳайкалтарошлик намуналари, фотоальбомлар, аудио ва видеофайллар, рассомларнинг Зулфия китобларига ишлаган иллюстрациялари, қардош халқлар адибларининг ижодкорга бағишланган асарлари, мустақиллик даврида Президентимиз раҳнамолигида истеъдод эгаларига кўрсатилаётган юксак эҳтиром, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг фаолияти ҳақидаги кенг маълумотлар ўқувчиларга тақдим этиб борилади.
— Сайтнинг яна бир афзаллиги шундаки, — дейди “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази мутахассиси Нигора Умарова, — унда ижодкор билан боғлиқ назмий, насрий асарларнинг барчаси ўзбек, рус, инглиз тилларида жойлаштирилади. Бу эса чет эллик адабиёт ихлосмандларига ҳам шоира тўғрисида кўпроқ маълумот олишларига имкон яратади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn