Истиқлолнинг бебаҳо неъмати
  • 28 Январь 2015

Истиқлолнинг бебаҳо неъмати

— Президентимизга ҳар томонлама қойил қоламан-да, у киши халқнинг кўнглидаги гапни айтадилар...
Бу эътирофни кўп марта эшитиб юрганмиз, аммо у бевосита мамлакат етакчисига нисбатан айтилса, тамоман бошқача жаранглар экан.

Ёнидагиларга босиқ оҳангда гапириб турган ўша кекса киши томонга беихтиёр юзландим-у, бошимда ярқ этиб бир ўй чақнади: қаранг, оддий одамнинг омади бир гапи остида не-не чуқур маънолар яшириниб ётибди. Ёзувчи зоти кўпни кўрган кишиларнинг гурунгларига қанча яқин бўлса, фикри шунча қайроқланиб боради, деган гап бежиз айтилмаган.
Қўшним Содиқжоннинг маъракасига келган қондоши Абдуносир ота билан шу баҳонада танишиб қолдим. Узоқ йиллар электрик бўлиб ишлаган, ўғлигаям шу касбни пухта ўргатиб, “нонини бутунлатиб” қўйган, пенсияга чиққанидан буён бекорчиликдан зерикиб қолмаслик учун, асосан, томорқада қулупнай етиштириш билан шуғулланиб келаётган бу оқсоқол Зангиотада яшар экан.
— Кўнгилдаги гапни дангал айтганингиз қулоғимга ширали чалинди, — дедим ёлғиз турганида уни четроққа тортиб.
— Оддий одамларнинг кундалик фароғати билан боғлиқ нарсаларнинг катта-кичиги бўлмайди, — деб салмоқланди қария. — Шуни ҳаммаям англаб етавермайди-да.
— Боя нималарни гаплашаётган эдиларинг ўзи?
— Зангиотамизда бўлаётган катта ўзгаришларни айтиб бераётувдим уларга, — деди Абдуносир ота. — Мақбара чиройлидан чиройли қилиб таъмирланаётгани, атрофида катта майдон очилиб, ёнидаги кўча кенгдан кенг трассага айлантирилаётгани, ҳовлисидан кўчиришга тўғри келган хонадонлар учун пишиқ ғиштли иморатлар қуриб берилгани, хоҳлаганларга янги томорқалар ажратилаётгани ўз йўлига. Катта йўл бўйига уй қурадиганларга “Агар барпо этадиган бўлсанглар, шифтини баланд қилиб қуринглар, пулингиз етмаса, узоқ муддатга имтиёзли кредит берилади, уйнинг биринчи қаватини дўконгами, устахонагами, ошхонагами айлантириб, тирикчилигингизни яхшиланг”, дейилаяпти. Бу, айниқса, айрим ёшларнинг ўз йўлини топиб олишида жуда қўл келмоқда. Давлатимиз уларга ота бўлиб йўл кўрсатаётир. Қўли юпқароқ одамларга энг олдин нималар керакли-
гини биладиганларни кўрганингда,
э, отангга раҳмат, деб қўясан...
Буни эшитаётиб, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаги бир воқеа  эсимга тушди. У даврда озиқ-овқат моллари тақчиллигини тугатишга ҳали тўлиқ эришилмаган эди. Ҳатто, ўзбекнинг кундалик турмушини усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган оддий чой ҳам етишмас, дўконлардан унинг чўпларию қуйқумларидан иборат сифатсиз маҳсулотнигина топиш мумкин эди. Ўша пайтларда Саид Аҳмад домла телевизордаги бир чиқишида шу хусусда тўхталиб, Юртбошимиз Малайзияга борганида бошқа катта масалалар қаторида Ўзбекистонга чой етказиб бериш ҳақида ҳам алоҳида битим тузиб келгани бу одам оддий кишиларимизнинг турмушидан чуқур хабардор эканлигини билдириб турибди, деган эди. Бу сўзлар баъзиларга вазни енгилроқдек туюлганида, кекса адиб ҳаётдан мисол келтириб, уйнинг ҳақиқий эркаги хонадонда, аввало, гугуртдан тортиб тузгача етарлими, йўқми, назардан қочирмай боради, булар майда нарсага ўхшасаям, ҳар куни керак бўлади, деб панд айтгани ёдимда.
Тўғри гап бу. Ўта ҳашаматли уй қурган, энг дабдабали автомобилга эга бўлган хонадон соҳиби ҳовлисига кўчат экиш учун қўшнисиникига белкурак сўраб кирганини кўп кўрганмиз. Қўшниси-ку куракни оғринмасдан беради, лекин ичида кулиб қўяди: рўзғорга шунақа нарсалар ҳам кераклигини бундайлар қаёқдан билсин?
Тирикчилик бор экан, эҳтиёж тугамайди. Муҳими — ҳаёт-мамот билан боғлиқ улкан зориқишларга дуч келишимиздан Яратганнинг ўзи сақласа бас.
Бундай ҳолат фақат хонадон эмас, юрт миқёсида ҳам юз бериб туради. У ёки бу даврда халқ, энг аввало, нималарга қаттиқ зориқиб қолгани, баландпарвоз гаплар, қуруқ ваъдалар иш бермай қўйган вазиятда қандай чора қўллаш маъқуллигини бехато ҳис этиб, уни зудлик ва дадиллик билан амалга ошира олиш учун катта иқтидор керак бўлади кишига. Яқин тарихимиз саҳифаларида “томорқа инқилоби” деб номланган, юртда бесаранжомликлар чиқишининг олдини олган, собиқ марказдаги тўраларнинг ғазабидан қўрқмай, дангаллик билан иш кўрилиб, деҳқонларимизга томорқалар ажратиб берилган кўламли тадбир бу борадаги энг унутилмас воқеалардан биридир.
Куни биров узатадиган нонга қолмаслик мақсадида ғалла мустақиллигига эришиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва улгуржи даромад олиш учун етиштирган пахтамизнинг асосий қисмини ўзимизда қайта ишлашни ташкил этиш, саноатни жадал юксалтириб, қишлоқларгача олиб кириш, элнинг эҳтиёжини тобора тўлароқ қондиришда мислсиз аҳамиятга эга бўлган тадбиркорликни кенг қулоч ёйдириш, юртимизнинг ўз темир йўл тизимини яратиш сингари жабҳалардаги бири-биридан улкан ишлар-чи?! Тиббиёт, халқ таълими, маданият, спорт йўналишларидаги ютуқларимиз-чи? Булар ким учун қилинаяпти? Булардан қадоққўл меҳнатчиларга келадиган нафнинг салмоғи қанча? Шулар тўғрисида ҳеч ўйлаб кўраяпмизми?
Темир йўл хусусида алоҳида тўхталмасак, кўнгил жойига тушмайди. Мана, ниҳоят, “Ангрен — Поп” йўналишида поездлар қатнови йўлга қўйилишига ҳам оз қолди. Водийликлар буни кўпдан буён орзиқиб кутишаётганди. Давлат юкларини гапириб ўтирмайлик, омилкорлиги ила донг таратган водийлик фермер ва деҳқонлар, оддий томорқачиларнинг рўзғор тебратишида алоҳида ўрин тутувчи мева-сабзавотни четга олиб чиқиб сотишда кўп қийинчиликларга дуч келинаётган эди. Автомашинада ташилганида, аввало, мева-чева анча заха ейди, қолаверса, вагонда жўнатишга нисбатан икки-уч баравар қимматга тушади. Ҳатто, узоқроқдаги қариндошларнинг тўй-маъракаси билан боғлиқ борди-келдиларда юзага келадиган ноқулайликларни айтмайсизми?!
Қамчиқ довони орқали Фарғонага бораётиб, қани, янги йўлни бир кўрайлик-чи, деб, Серкақирилдидан ўтганимизда машинани тўхтаттирдим. Йўловчи шерикларим ҳам мен билан бирга тушиб, эндигина ётқизилган рельслар четига бетон симёғочлар ўрнатилаётгани, уларга пешма-пеш равишда электр симлари тортилаётганини қизиқиб томоша қилишди. Ишчилардан суриштириб билсак, 123 километрли йўлнинг қарийб юз километри битказилиб, 19 километрли туннелнинг учдан бир қисми аллақачон қазиб бўлинибди, бири-биридан чиройли қатор-қатор кўприклар қурилибди.
Бунақа кўламдор бунёдкорликларни кўрганда ҳам кўнглинг яшнайди, ҳам қудратли юртда яшаётганингдан ғурурланиб кетасан...
Кейин беихтиёр ўз-ўзингга савол бера бошлайсан — улкан-улкан муваффақиятларимизга маҳлиё бўлиб, унинг соясидаги майда заруратларни кўрмай қолаётганимиз йўқмикан, ишқилиб? Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригида ўринли таъкидланганидек, ютуқлардан ҳаволаниш кайфиятига берилишдан нари бўлмоғимиз лозим, олдинда турган янги-янги марралар, йирик-йирик юмушлар ҳақида кўпроқ ўйлайверганимиз, шу билан бирга, ўша йириклари орасида майда-чуйдадек туюлувчи заруратчалар ҳам борлигига, уларни кўздан қочириш айрим дилхираликларга сабаб бўлиши мумкинлигига бундан кейин ҳам алоҳида диққат қаратаверганимиз маъқул.
Биз, адиблар ижодий сафарлар баҳонасида турли вилоятларда, туманларда бўлиб турамиз. Меҳнаткашларимиз кайфиятини алоҳида диққат бериб кузатамиз, дўстона суҳбатлашиб, юракларининг туб-тубига кириб боришга уринамиз. Энг муҳими, эл-юрт фаровонлиги йўлида Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган салмоқли ишлардан, бугунги турмушидан барча рози бўлиб гапиради. Айниқса, боласевар миллатимиз учун азиздан-азиз бўлган фарзандларимизнинг баркамол бўлиб улғайиши борасида қилинаётган катта ғамхўрликларни, энг чекка маҳаллаларда ҳам ободонлаштириш ишлари кун сайин авж олаётганини мамнуният билан тилга олишади.
Дарҳақиқат, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган йирик лойиҳалар жуда кўп. Масалан, Наманган вилоятида қурилиши тугалланаётган иссиқлик электр станциясининг тўлиқ ишга туширилиши бутун бир водий бўйича электр тақчиллигига узил-кесил чек қўяди. Айниқса, муқобил энергия манбаларини ҳаётга жорий этиш борасида республикамизда катта ишлар олиб борилаётгани кўнгилларга янада таскин ёяди. Кўриниб турибдики, мамлакат тинч бўлса, тараққиёт изчил давом этади.
Ҳаммамизнинг ниятимиз, иноқлик билан олдинга одимлайверишимизга, яратувчанлигимизга, шиддатимизга кўз тегмасин. Баридан қувончлиси, мақсади — эзгу, нияти тоза халқмиз. Худо нияти покларни ўз паноҳида асрайверади, деган ақидани эсласак, дилимиз бундан-да равшан тортиб бораверади.
Минг шукрки, энг катта бойлик бошимиздан ёғилиб турибди, бу — борлиқ фароғатимизнинг омили бўлган юрт осудалигидир. Шу туфайли бўлса керак, бугун барча юртдошларимизнинг, жумладан, жамият ўқтомири ҳисобланмиш оддий одамларимизнинг кайфияти кўтаринки. Яхши кайфият ва осойишталик бор жойдан эса қут-барака аримайди.

Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn