Хотин-қизлар манфаати — доимий эътиборда
  • 28 Январь 2015

Хотин-қизлар манфаати — доимий эътиборда

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошқаруви йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қўмитанинг 2014 йилдаги фаолияти якунлари ва Кексаларни эъзозлаш йилидаги устувор вазифалар таҳлил қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оила, никоҳ муносабатларини тартибга солиш, ёш оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, улардаги соғлом ҳамда барқарор муҳитни асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ишлар тизимли амалга оширилаётганини эътироф этди. Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, таълим олиш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, истеъдодли қизлар салоҳиятини юзага чиқариш учун зарур қулайликлар яратилаётир.
Бу йўналишдаги ишлар Соғлом бола йилида ҳам изчил давом эттирилди. 2014 йилда хотин-қизлар учун 468 мингта иш ўрни яратилди. Уларнинг аксарияти янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларини ривожлантириш, уй меҳнатининг барча шаклини ташкил этиш ҳисобига тўғри келгани эътиборга молик.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан вазирлик ва идоралар, корхона ҳамда ташкилотлар, таълим-тарбия муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган ўқувчиларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, айниқса, қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмуш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар, оилавий ажралишларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Давлат дастури ижросида, хусусан, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳомиладор аёлларни соғломлаштириш, ривожланишида нуқсони бўлган гўдаклар туғилишининг олдини олишда намоён бўлмоқда.
Бундан ташқари, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, чекка ҳудудларда яшаётган опа-сингилларимиз турмуш даражасини яхшилаш, оилалар мустаҳкамлигини асраш борасида кўрилган аниқ чора-тадбирлар самараси ўлароқ, бу борада ижобий кўрсаткичларга эришилди. Чунончи, ўтган йили тижорат банклари томонидан улар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 960,2 миллиард сўм кредит ажратилиб, минглаб хотин-қиз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
Йиғилишда Кексаларни эъзозлаш йилида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, хусусан, фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, кўнглини кўтариш, тажрибаларини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш, ҳаётини мазмунли қилиб ўтказишларига кўмаклашиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда ҳисобот даврида йўл қўйилган айрим камчиликлар танқид қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Якунда муҳокама қилинган масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар ва истиқболли режалар белгилаб олинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn