Натижалар таҳлил қилинди, вазифалар белгиланди
  • 28 Январь 2015

Натижалар таҳлил қилинди, вазифалар белгиланди

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 2014 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли турмуш даражаси ҳамда даромадларини ошириш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат юксак самара бермоқда.

Бунда касаба уюшмаларининг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Касаба уюшма аъзолари меҳнатидан фойдаланаётган юридик шахсларнинг 96 фоиздан зиёди жамоа шартномавий муносабатлар билан қамраб олингани ана шундан далолат беради. Ўз навбатида, жамоа келишувлари ва шартномаларида акс этаётган имтиёзлар ҳам йилдан-йилга кўпайиб бораяпти. Айниқса, кичик бизнес субъектларида, хусусий ва оилавий тадбиркорликда банд аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни меҳнат қонунчилиги ва жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёз ва кафолатлар билан қамраб олиш, шу орқали даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Тадбирда касаба уюшмалари томонидан олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчиларнинг, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш йўналишидаги ишлар батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида коллежлар битирувчиларининг иш билан таъминланиш борасидаги қизиқишлари қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди. Бунда тармоқ касаба уюшмалари республика кенгашлари ҳамда ҳудудий бирлашмалар томонидан ҳар ойда белгиланган режа асосида ўнлаб корхона ва ташкилотда мониторинг олиб борилаётгани муҳим омил бўлмоқда.  Ўтган йили касаба уюшмалари тизимидаги корхона ва ташкилотларда 175 та иш ўрни яратилди. Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида хотин-қизлар учун иш ўринларини ташкил этиш лойиҳаси доирасида тикувчилик цехлари очилгани ва кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминлангани бунга яққол мисолдир. Кам таъминланган оилалардаги 1960 нафар хотин-қиз эса бир миллиард сўмликдан ортиқ электр маиший-техника жиҳозлари билан таъминланди.
Шунингдек, анжуманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларга қулай меҳнат шароити яратиш, меҳнат ҳуқуқига риоя этилишини таъминлаш борасида қўлга киритилган натижалар хусусида ҳам сўз юритилди. Хусусан, амалга оширилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 13 минг 700 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда, шу жумладан, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларида касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, улардаги 146 минг нафардан зиёд ходимнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлашга эришилди. Ушбу масалалар юзасидан Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмалари республика кенгашларининг ҳисоботлари эшитилди. Айни чоғда ҳудудий касаба уюшмалари қошида ташкил этилган “Услубий марказ”ларнинг фаолиятини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаларидан келиб чиққан ҳолда, касаба уюшмаларининг жорий йилдаги устувор вазифалари белгилаб олинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn