Муҳаббат ва садоқат сабоғи
  • 24 Январь 2015

Муҳаббат ва садоқат сабоғи

Толеи кулган халқмиз. Бунда заррача ҳам муболаға йўқ. Негаки, комил инсон тимсоли сифатида кўрсатса арзийдиган юзлаб, минглаб фарзандлари бор ўзбек халқининг. Муҳаббат, садоқат, вафо, ибо, ҳаё...

Дунёнинг айрим халқларида бундай тушунчаларнинг ўзи ҳам, ҳатто, уларни ифодалайдиган сўзлар ҳам мавжуд эмас. Бахтимиз шундаки, булар бизда қадрият даражасига кўтарилган. Шундай фазилатлардан маҳрумлик биз, ўзбекларда айб саналади. Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним миллатимизнинг ана шу сифатларини ўзида мужассам этган комил фарзанди, ардоқли ижодкоридир.
Зулфияхоним муаззам адабиётимизда ўз назмий услубига, ўзига хос ижодий оламига эга ижодкорлардан. У баҳорнинг илк кунида таваллуд топди. Адабиёт майдонига қонида яшаш завқи жўшиб, дилида севги тўлқини тошиб кирди. Асарлари миллий шеъриятимизда бамисоли нафис баҳор чечаклари бўй кўрсатганидан дарак берди. Шеърлари адабиёт мухлисларини ўзига бутунлай ром этди, ижодий истиқболи порлоқ эканини кўрсатди. Машҳур адибу шоирлар эътирофи ҳам бу фикрни тасдиқлайди: ижодкорнинг “ҳар парда — сатри ҳаётий шашмақомлардир” (ўафур ўулом), у “ўзбек аёлининг қалбини кашф этди” (Асқад Мухтор), “ҳар янги шеърида илгарилади” (Миртемир), “муҳиблар унинг “Ҳижрон” шеърий тўпламини, “Уни Фарҳод дер эдилар” достонини ёд олиб, бир-бирига ўқиб юрди” (Озод Шарафиддинов).
Муҳаббат аталмиш бебаҳо неъмат туфайли Зулфияхоним тақдири элимизнинг атоқли шоири Ҳамид Олимжон билан туташди. Ижодда у билан жўровоз бўлди, бетакрор асарлар яратди.  Афсуски, “бахтли муҳаббатни куйлаган сози ўлим ханжарига тегди” — суюкли умр йўлдоши, фарзандларининг отасидан ногаҳоний айрилиқни, кўнглидаги чўнг изтиробни шоира ана шундай ифодалаган эди. Қанчалик оғир бўлмасин, бу мусибат уни синдира олмади. Дилбандларига “Сен ўс — соғлом, беқайғу эркам, Муҳаббатим бошингга соя”, дея  ўзбек онасига хос улуғ фазилатни намоён этди. Алам кўз очгани қўймаган, бошини болиш куйдирган, қуйилиб келган мисралар нолиш кўтарган кезлари мусибатзада кўнглига ана шу муҳаббат куч берди, руҳига ана шу туйғу қувват бағишлади. Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, Зулфияхоним: “...ғам-андуҳ ва ҳасратларни матонат билан енгиб, тоғдек бардоши билан вафо ва садоқат рамзига айланди”.
Шоира она халқига бўлган севгисини чинакам бойлик, деб билди. “Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!”, дея ифтихор қилиши сабаби шунда. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддиновнинг фикрича, “...эътиқоди, жуда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатлари, дили билан тилининг бирлиги, шеърларида мадҳ этган инсонийлик, вафо, садоқат ва диёнат деган нарсаларга ўзи ҳаётда оғишмай амал қилгани” — шоирани одамларга ардоқли қилган; адабиётимизнинг ёрқин юлдузларидан бирига айлантирган асосий омиллардир.
“Уни Фарҳод дер эдилар”, “Ҳижрон кунларида”, “Ҳулкар”, “Ўйлар”, “Висол”, “Йиллар, йиллар...” шеърий тўпламлари шоиранинг ижодий камолотига далилдир. “Қуёшли қалам”, “Хотирам синиқлари” достонлари унинг йирик назмий асарлар ёзиш борасида ҳам баракали ижод қилганини кўрсатади.
“Мушоира” шеъри Зулфияхонимга катта шуҳрат келтирди. Устоз Асқад Мухтор таъкидлаганидек, бу асарида ижодкор “Шарқ шоирларининг ўзига хос анъанавий шаклидан фойдаланиб, қитъанинг қоқ ўртасида замондошларини рамзий бир мушоирага чорладики, бу Осиё — Африка ёзувчилари ҳаракатининг томирига қон югуртирган воқеага айланди”. Кейинчалик у Югославия, Хитой, Япония, Шри Ланка, Миср сафарларига боғлаб бу мавзуни ривожлантирди. Натижада ўзбек шоираси юксак шеърий асарлари учун жаҳон адабий жамоатчилиги эътирофини қозонди. Жавоҳарлаъл Неру номидаги ва Нилуфар халқаро адабий мукофотларига сазовор бўлди.
Зулфияхоним ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлади, кўплаб навқирон  ижодкорларга устозлик қилди. Атоқли адибимиз Пиримқул Қодиров дастлабки очерки чоп этилганда улуғ шоира қанчалик қўллаб-қувватлаганини бир умр эслаб юргани, шогирдларидан яна бири халқ шоири Ойдин Ҳожиева устозини ирмоқлари боғу роғларга ҳаёт бағишлаётган  дарёга қиёс этгани ҳам бу фикрни қувватлайди.
Истиқлол шарофати билан биз миллатимизнинг бошқа буюк истеъдодлари сингари ардоқли шоирамиз Зулфияхонимни ҳам чинакамига қадрлаш имконига эга бўлдик. Шоира номида давлат мукофоти таъсис этилди. Ижодда унинг анъаналарини муносиб давом эттираётган юзлаб қизларимиз ана шу мукофотга сазовор бўлаётир. Энг муҳими, адабиётга бўлган бундай юксак эътиборни биз ҳар доим, мунтазам равишда ҳис этиб турибмиз. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги  қарори халқимизнинг, зиёлиларимизнинг айни кўнглидаги иш бўлди. Зеро, Зулфияхоним сабру матонат рамзи бўлган ҳаёти билан ҳануз муҳаббат ва садоқатдан сабоқ бериб келаётир. Маънавий жасорат тимсоли бўлган пок эътиқоди, ўлмас асарлари билан авлодлар қалбида мудом барҳаётдир.

Нурбой ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn