Миллий армиямиз таянчи
  • 24 Январь 2015

Миллий армиямиз таянчи

Мамлакатимизда замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган, юртимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлмиш Қуролли Кучларимизни ташкил этиш ва шакллантириш борасида ўтган йиллар давомида улкан ишлар бажарилди.

Кенг қамровли ислоҳотлар самараси ўлароқ, ҳарбийлик касбининг нуфузи ошди, Ватан ҳимоячиси бўлиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки чинакам орзу, шон-шараф ишига айланди.
Айтиш жоизки, ҳаётга татбиқ этилган янгича анъаналар туфайли миллий армиямизда сержантлар таркибини тайёрлашга бўлган эътибор кучайди. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган сержантлар тайёрлаш мактабларидан бугун ҳар томонлама билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал жиҳатдан етук, жисмонан бақувват, иродаси мустаҳкам кичик командирлар етишиб чиқмоқда. Буни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактаби фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
— Дарҳақиқат бугунги кунда ҳарбий хизматчилар, хусусан, сержантлар корпусига алоҳида аҳамият қаратилмоқда, — дейди сержантлар тайёрлаш мактаби масъул ходими, подполковник Жаҳонгир Ҳаитов. — Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида бу борада ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилиб, жумладан, шундай дейилди: “Офицер ва сержантлар таркибининг профессионал малакасини оширишда етакчи хорижий давлатлар армияларидаги ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва уларнинг хизмат фаолиятини ташкил этиш тизимини чуқур ўрганиш ҳамда бу тизимни бизнинг шароитимизга мослаб жорий этиш катта ижобий роль ўйнаганини қайд этиш лозим.
Бу соҳада амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар туфайли мамлакатимиз офицерлар таркиби ўзининг дунёқараши, билим ва тажрибасини доимий равишда кенгайтириб, юксак касбий малака ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, мантиқий фикрлаш қобилиятига эга бўлиб бормоқда ва ўз олдида турган вазифаларни ҳал этишда ностандарт ёндашувларни фаол қўллашга қодир бўлмоқда. Сержантлар сўзда эмас, амалда офицерларнинг энг ишончли ва яқин ёрдамчиси ҳамда таянчига, аскарларимизнинг меҳрибон мураббийсига айланди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”. Бундай эътироф фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.
Тез суръатлар билан ривожланиб, тараққий этаётган замонамизда ўқув жараёнларини ахборот-коммуникация технологияларисиз, машғулот ўтишнинг инновацион усул ва воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Ҳарбий хизматчиларнинг билими, тайёргарлигини ошириш ҳамда кўникмаларини шакллантириш мақсадида компьютерлаштирилган ўқув марказлари ташкил этилгани шу жиҳатдан эътиборга молик. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактабида ҳам машғулотлар илғор ахборот технологияларидан кенг фойдаланилган ҳолда, пухта дастурлар асосида олиб борилаётир. Кейинчалик кичик командирлар дала-ўқув шароитида салоҳиятларини янада оширадилар.
Сержантлар тайёрлаш мактабида электрон кутубхона хизмати йўлга қўйилган бўлиб, у бўлғуси кичик командирларнинг маънавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, таълим муассасасида ҳарбий хизматчиларнинг маиший ва яшаш шароитлари кўнгилдагидек ташкил этилган. Тренажёрлар билан жиҳозланган спорт мажмуи ҳам улар ихтиёрида.
— Бу ерда ўқишни бошлагач, касбимга меҳрим ортиб, ғайратимга ғайрат қўшилди, — дейди Зарифжон Соҳибов. — Назарий ва амалий машғулотларда билим ҳамда тажрибамни бойитаяпман. Мақсадим соҳа илмини чуқур ўрганиб, она-Ватанимиз осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш.
Шубҳасиз, замонавий жиҳозлар, энг илғор технологиялар билан таъминланган, бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган сержантлар тайёрлаш мактабидан ҳақиқий ватанпарвар, профессионаллар етишиб чиқади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn