Обод юртнинг файзли қишлоқлари
  • 24 Январь 2015

Обод юртнинг файзли қишлоқлари

Сирдарёда намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар сони 1901 тага етди. Бахтли ҳаёт кечириш — ҳар бир инсоннинг энг катта орзуси.

Бу, аввало, хонадонимиздаги файзу барака, оилаларимиздаги фаровонлик билан ўлчанади. Шу боис истиқлол йилларида шаҳар ва туман марказлари қаторида қишлоқ жойларни ҳам комплекс ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги эзгу ишларга қанот бағишлади.
Ушбу қарор асосида Сирдарё вилоятида ҳам кейинги беш йилда 20 дан зиёд массивда 1 минг 901 уй-жой қад ростлади. Қолаверса, уларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, тиббиёт муассасалари, болалар спорт майдончалари, хиёбонлар ҳамда газ, сув, электр тармоқлари, автомобиль йўллари каби кўплаб инфратузилма объектлари барпо этилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, айни пайтда уй-жойлар учун зарур бўлган қурилиш ашёларининг аксарияти маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланиб, пудратчи ташкилотларга имтиёзли нархларда етказиб берилмоқда. Натижада қурилиш объектлари баҳоси барқарорлиги таъминланиб, аҳолининг намунали лойиҳадаги уй-жойларга эҳтиёжи тобора ошиб бораётир. Хусусан, 2009 йилда вилоятда 60 та уй қурилган бўлса, эндиликда бу рақам тўққиз бараварга кўпайгани фикримиз тасдиғидир.
“Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси Сирдарё вилояти филиали маълумотларига кўра, жорий йилда яна 550 та шундай тураржойни ўз эгаларига топшириш кўзда тутилган.
Бугун Сирдарё вилояти бўйлаб юрар экансиз, Бахт, Чаманзор, Наврўз, Гулистон, Янгиобод, Ёшлик, Зафаробод каби номлар билан аталувчи обод ва кўркам манзилларга рўбарў келасиз. Замонавий қишлоқларнинг шаҳарлар билан бўйлашаётганини кўриб, завқингиз ортади. Зеро, бу уйлар — бахт ошёни, тинчлик, фаровонлик, тараққиётимизнинг ёрқин кўзгусидир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn